Қадринг такомили рост бўлсин, тилим!..

Дунёда қадр-қиммат, иззат-нафс, ор-номус каби туйғулар ҳам борки, буларнинг ҳаммаси ҒУРУР тушунчасини англатади. Ўзини маънавиятли, юртпарвар ҳисоблайдиган ҳар бир миллат вакилида ўз Ватани, жумладан, ўз она тили билан фахрланиш ҳисси ҳам шаклланган бўлиши лозим.

Ёши қирқ беш-элликдан ошган замондошларимиз, айниқса, ўзини зиёли деб биладиган  кишилар истибдод даврида она тилимизнинг ривожланиш имкониятлари чеклаб қўйилганини ўз кўзимиз билан кўриб, бошимиздан кечириб яшаганимизни ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаймиз.

Балиқ сувсиз яшолмаганидек, эл, халқ ҳам ўз она тилисиз, унинг гўзал жозибаларидан айро ҳолда яшай олмайди. Аммо ХIX асрда юртимиз Чор Россияси томонидан босиб олинганидан кейин эл-юртимизни ўзига қарам қилмоқчи бўлган ғараз ниятли кучлар томонидан динимиз, тарихимиз, маданиятимиз, миллий ғуруримиздан, миллий тилимиздан жудо этишга зимдан ҳаракат олиб борилди. Натижада маҳаллий аҳоли ўз она тилидан ҳам кўра рус тилини кўпроқ билишга, эътибор қаратишга мажбур бўла бошлади.

Тўғри, киши қанча кўп тил билса, шунча яхши. Аммо ўша пайтларда шундай бўлдики, айрим оилалар рус тилини ўз она тилини унутиш, менсимаслик ҳисобига ўргана бошлади. Бундай одамларда тилни унутиш баробарида ўз миллий ғурури, урф-одат ва анъаналари, Ватанга садоқат ва муҳаббат туйғуси ҳам унутила борди.

Машҳур авар шоири Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” номли асарида Париж сафаридан қайтган йигит бир аёлга у ерда ўғлини учратганлиги воқеаси келтирилади.

Ўғлим сен билан қайси тилда сўзлашди? – сўрайди аёл.

Таржимон орқали француз тилида, – деб жавоб беради йигит.

Аёл катта рўмоли билан юзини ёпади… Бу ҳол номусли, ғурурли аёлнинг ўз тилини унутган ўғлидан ор қилишлиги, шундай ўғилни дунёга келтирганлигидан ҳижолат тортиши белгиси сифатида изоҳланади.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 29 йил тўлган бўлишига қарамай, бу борада ўзимизда ҳам муаммолар йўқ эмас. Узоққа бормайлик, кундан-кунга чирой очиб бораётган катта-катта шаҳарларимиз кўчаларида қад ростлаётган иншоотларни “АГАМА”, “ГРАНТ”, “EZIDIYOR” каби европача ёки араб тилига хос “АЛ-МУБИН”, “АЛ-БАРАКА”, турк тилига тақлидан “МОДАЛАР ЭВИ” каби ажнабий тиллардан кириб келган сўзлар билан аташ, ўз сўзларимизни имловий, ишоравий хатолар билан ёзиш ҳоллари учрамоқда. Буларнинг ҳаммасига нисбатан эътиборли бўлиш – ўз тили, ўз элидан фахрланадиган кишиларнинг муқаддас ишидир.

Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, мамлакатимизда озодлик эпкинлари ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш билан бошланди. Осонликча қўлга киритилмаган бу тарихий воқеа билан боғлиқ ҳолда маънавиятга, ўзликни англашга, ҳар бир ўзбекистонлик қалбида Ватанган муҳаббат руҳини ўстиришга алоҳида эътибор қаратила бошланди. Қалби бутун, эътиқоди мустаҳкам одамни ҳеч қандай куч енга олмайди. Инсонда бундай туйғунинг шаклланиши эса она тили ва адабиёт фанлари билан бевосита боғлиқдир. Шунинг учун ҳам, барча юртдошларимиз қатори, айниқса, биз – ўзбек тили ва адабиёти фани мутахассислари Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш ҳақидаги тарихий Фармонни, китобхонлик танловларини ўтказиш ҳақидаги қатор қарорларни жуда катта хурсандчилик билан кутиб олдик.

Бу хушхабардан аввало ўз мустақиллигининг 27 йиллигини кутиб олган шу буюк юрт фуқароси, ўзбек тили ва адабиёти фани мутахассиси, қолаверса, бир қаламкаш сифатида юрагимдан қуйидаги сатрлар отилиб чиқа бошлади:

Шодликдан, қувончдан тўкилди ёшим,

Гўзал хушхабардан яйради дилим.

Муҳим бир имзони чекди Юртбошим,

Қадринг такомили рост бўлсин, тилим!

 

Ёдимда: ўз тилда чиқармай унлар,

Ота маконда тил тишланган кунлар.

Ниҳоят, кўксингга тегди эпкинлар,

Қадринг такомили рост бўлсин, тилим!

 

Навоий бобонинг руҳин қилиб шод,

Она тилимизда қиламиз ижод.

Диллар ҳам, юртим ҳам бўлади обод,

Қадринг такомили рост бўлсин, тилим!..

 Сиддиқ МЎМИН,

ФарДУ профессори,

филология фанлари доктори.