Интеллектуал эҳтиёж манбаи

Мамлакатимизда шахснинг интеллектуал эҳтиёжларини қондиришга, маданий – маърифий қадриятларни сақлашга қаратилган мутлақо янги, зоманавий кўринишдаги ахборот – кутубхона тизимини яратиш борасида мунтазам иш олиб борилмоқда.

Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят ахборот кутубхона маркази томонидан ҳам фойдаланувчиларга доимий равишда интерактив хизматлар ва инновацион лойиҳалар тақдим этилиб келинмоқда. Хусусан, кутубхонани ижтимоий тармоқларда мунтазам кузатиб бораётган китобхонларга барча электрон ресусрлардан фойдаланиш имконияти мавжуд. Ҳар хил китоблар, маълумотлар, аудио, видео кўринишдаги саҳифалар, кутубхонада бўлаётган янгиликларни ҳам мунтазам равишда кузатиб бориш имкониятига эга.

Кутубхонамизда электрон ўқув зали фойдаланувчилари турли соҳа вакилларидан иборат. Жорий йилнинг 9 ойи давомида фойдаланувчилар сони 10750 тани ташкил қилди. Шулардан 68 фоизини талабалар, 20 фоизини профессор ва ўқитувчилар, 12 фоизини нафақа ёшдаги фойдаланувчилар ташкил этди.

Элекетрон ўқув залида 300 га яқин СD, DVD ROMларга ёзилган китоб ва маълумотлар, ҳамда 40 мингдан зиёд электрон китоблар мавжуд бўлиб, китобхонлар бу ресурслардан фойдаланиб келишмоқда.

Аҳолини сифатли ахборот ресурслари билан таъминлашни ташкил этиш мақсадида ахборот-кутубхона муассасалари расмий сайтларида янги, инновацион лойиҳаларини қўллаш фақат веб-сайтлардан фойдаланувчилар сонини оширибгина қолмасдан, балки ахборот-кутубхона муассасаларидаги қатнов ва китоб берилишини сезиларли даражада кўпайишига сабаб бўлди. Бунда сайтлар саҳифаларида жойлашган электрон католог, библиографик нашрлар, интерактив хизматлар ва янгидан-янги ишлаб чиқилган иновацион лойиҳалар реклама вазифасини бажармоқда.

Кутубхонанинг веб-сайтига ва ижтимоий тармоқлардаги манзилларига юборилаётган китобхонларнинг мурожаатларига иложи ва имкони борича ходимлар томонидан жавоблар берилмоқда.

Ҳозирги пайтда кутубхоналарнинг электрон ресурслар яратиш борасидаги ҳаракатлари асосан илгари қоғоз кўринишида чоп этилган асарларни (кўпинча нодир, кам нусхадаги асарларни) рақамлаштириш билан чекланмоқда. Бу ҳам электрон ресурслар яратиш борасидаги бир чора, лекин бу ерда электрон кўринишдаги асарга нисбатан муаллифлик ҳуқуқи масаласи кўпинча очиқ қолади. Яъни асарга нисбатан муаллифлик ҳуқуқига эга шахс асарнинг кутубхонада электрон кўринишга ўтказилганлиги ва ундан фойдаланиш йўлга қўйилганлигини билмаслиги ҳам мумкин.

Шу борада кутубхона ходимлари китобхонларга тушунтириш ишлари олиб боришади. Китобхонлар саволларига тўлиқ ва тушунарли қилиб жавоб беришади.

Бундан ташқари, электрон ўқув залида китобхонлар турли мавзуларда аудио, видео дарсликлар, филмлар орқали қисқа вақт ичида билим ва кўникмаларини ошириб боришлари ҳам мумкин. Масофадан туриб бошқа мамлакатлар олийгоҳларига имтиҳон топширишлари, уларни жавобини олишлари, тестлар, савол ва топшириқларни ечишлари  ёки ҳар хил давлат тилларини ўрганиш имкониятига ҳам эгадирлар. Маълум фан бўйича луғатлар, тақдимотлар, қисқа, лўнда таърифлар ва изоҳлар кўринишдаги материалларни ҳамда мультимедиа материалларини электрон шаклда қулай тарзда кўчириб оладилар.

Берилган материаллар, аввало, Давлат таълим стандартларига мос бўлмоғи лозим. Материалларни ўқувчига етказишида фойдаланилган педагогик ва технологик сценарийлар электрон дарслик муваффақияти ва самарадорлигини белгилайди.

Ойгул АБДУЛЛАЕВА,

 вилоят ахборот кутубхона маркази

Электрон ўқув зали бош кутубхоначиси.