Илмга бахшида умр

Халқимизнинг бетимсол бойлиги бўлган тилимиз софлигини сақлаш, камолга етаётган авлод онгу шуурига  чуқур сингдиришда устозларнинг хизмати беқиёс.

Бугунги кунда унинг  қадр-қимматини юксалтириш, ривожига қаратилган изланишлар, яратилаётган илмий рисолалар, қўлланмалар, адабиётлар ўқувчининг нодир тилимиз хусусиятларидан баҳраманд бўлишига замин яратади. Қўқонлик атоқли адабиётшунос олима, жонкуяр устоз Мамлакатхон Ҳошимова ҳам ўз изланишлари давомида 250 дан ортиқ илмий-услубий, илмий-оммабоп мақолалар, 3 та монография, 5 та рисола, 6 та илмий-услубий қўлланмалар яратди.

Мамалакатхон опа Муқимий номидаги Қўқон Давлат педагогика институтида ўз фаолиятини бошлаганига салкам 60  йил бўлди.  Бу йиллар давомида ўзбек тили ва адабиёти фанидан минглаб талабаларнинг севимли устозига айланди. Тажриба мактабида соҳа ривожига ҳисса қўшадиган муносиб издошларни камолга етказди.

Ўзбекистон Миллий университети қошидаги аспирантурада ўқиди ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Лазиз Қаюмовнинг илмий раҳбарлигида “Мамарасул Бобоев ижоди” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. Олима Қўқон шаҳрида фан номзоди илмий даражасини олган саноқли аёлларнинг энг ёрқин вакиласи сифатида фаолият юритди ҳамда ҳамкасблар эътибори ва шогирдлар эҳтиромини қозонди.

Иш фаолияти жараёнида тарих, тарих-филология, тарих-география факультетларида декан лавозимида меҳнат қилди. Институтнинг илмий салоҳиятини кўтаришда, изланувчан, қобилиятли талабалардан етук кадрлар тайёрлашда жонбозлик кўрсатди ва филология фанлари доктори, профессор Одилжон Бозоров, филология фанлари номзодлари, доцентлар – Исроилжон Пўлатов, Носиржон Охунов, Назиржон Назаров, моҳир журналист Адҳам Мирсаидов ва бошқа  юзлаб шогирдлар етиштирди.

Институтининг ўқув ишлари бўйича проректори лавозимида фаолият юритганида олий ўқув юртлари ичида ўқув ишлари сифат даражасини кўтаришга алоҳида аҳамият қаратди. Профессор-ўқитувчилар дарсларининг самарадорлигини оширишда намуна бўла олди. Республика илмий-назарий конференцияларини ташкил этиш билан бирга, миллий маънавиятимизни тарғиб қилиш, миллий ғоя ва мафкурамизни ёшлар онгига сингдириш, она-тилимизнинг софлигини сақлаш ва уни ривожлантиришга салмоқли хисса қўшди.

Бир неча йиллар вазирлик қошидаги ўзбек тили ва адабиёти бўйича ўқув-услубий кенгашининг аъзоси, раис ўринбосари сифатидаги фаолиятида ҳам талабалар билан давра суҳбатлари ташкил этиб, муаммоларини ўрганди ва ҳал қилинишида бош-қош бўлди. Сўнгги йилларда ўзбек адабиёти кафедраси мудири вазифасида кўплаб ҳамкасбларининг илм йўлига киришларида ва ўзи сингари  илмий тадқиқот ишларини олиб боришларида яқиндан ёрдам берди.

Унинг кўп йиллик самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган.

Жорий йилда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлар сафида 81 ёшни қаршилаётган Мамлакатхон опа “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Менинг камтарона меҳнатимни юксак қадрлаб, Юртбошимиз томонидан берилган мукофот кучимга куч, умримга умр қўшди. Кексалари эл ардоғида бўлган она Ватанимга хизмат қилиш саодатдир, – дейди мукофот соҳибаси.

Айни дамда ҳам устоз институтда ўзбек адабиёти кафедраси доценти  сифатида ўзбек тилининг жозибасини ёшларга етказиб, уларнинг халқпарвар, ватанпарвар бўлиб камолга етишлари йўлида  беминнат хизмат қилмоқда.

М.ЖАМОЛИДДИНОВ,

Қўқон Давлат педагогика институти

ўзбек адабиёти кафедраси мудири.