Риштон бозори қайта қуриляпти

Деҳқон бозорларининг меъморий қиёфасини яхшилаш ва замонавий савдо-бозор инфратузилмасини шакллантириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, харидорлар ва сотувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, республиканинг йирик саноат шаҳарлари ва қишлоқ туманлари марказларида фаолият кўрсатаётган бозорлар ҳудудларини ободонлаштириш мақсадида ўтган йилнинг мартида Президентимизнинг “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг худудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори эълон қилинди.

Дастурнинг амалга оширилиши деҳқон бозорларининг сони ва ҳудуди мақбуллаштирилиши, уларнинг майдонларидан ва инфратузилма объектларидан самарали фойдаланилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан савдо қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилиши, харидорлар учун қулай савдо муҳити яратилиши, савдони ҳисоб-китоб терминаллари орқали ташкил этиш ҳисобига нақд пул маблағлари айланмаси қисқариши, шунингдек, республикада 2020 йилгача деҳқон бозорлари тўлиқ реконструкция қилинишини таъминлайди.

Дастурга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 апрелида  вилоят ҳокимининг 168-сонли қарори ҳам қабул қилинди. Ана шу қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида Риштон тумани Марказий деҳқон бозорининг  замонавий қиёфасини яратиш борасида биринчи қадамлар ташланди.

Тан олиб айтиш керакки, туман деҳқон бозорида хавфсизлик чоралари,  бино, иншоотларда ёнғин хавфсизлиги талаблари, санитария қоидалари ва меъёрлари, гигиена нормативлари тўлиқ инобатга олинмаган эди. Шунингдек, бозор ҳудудларига яқин масофаларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари етишмаслиги каби ҳолатлар сотувчи ва харидорлар учун муайян ноқулайликлар туғдираётганлиги бор гап. Бозор атрофидаги тирбандлик, расталар орасидаги торлик ҳеч кимга хушкайфият бағишламайди.

Риштон ўзининг ҳунармандчилик, кулолчилик маҳсулотлари билан жаҳонга танилганлигини унутмаслигимиз лозим. Риштоннинг паловини ейиш учун бутун республикадан ошиқиб келадилар. Қўқон ва Фарғона йўлида бўлгани, маҳсулотларнинг арзонлиги учун бу бозорга ўтган ҳам, кетган ҳам бир бош суқади. Чет элликлар, вилоятимиз меҳмонлари, аҳоли учун намунали бозор қурилса, туман кўркига кўрк ва барча фарғоналикларга фахр бўлади-ку! Ички ва ташқи туризмни ривожлантиришда бозорларимизнинг шарқона ва замонавий бўлиши жуда муҳим, аслида.

– “Фарғона агролойиҳа” МЧЖ томонидан лойиҳалаштирилаётган, умумий баҳоси 6 миллиард 304 миллион сўмлик бозорни қайтадан қуриш лойиҳасидан 4 миллиард 293 миллион сўми гипермаркет қурилишига, 1 миллиард 169 миллион сўм 250 ўринли замонавий савдо мажмуаси-павильон учун, 240 миллион сўм деҳқон бозорига туташ ҳудудларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларини бунёд этишга, 234 миллион сўм ободонлаштириш ишларига,  267 миллион сўм эса резервуар ва коммуникация тармоқларига сарфланади. Ҳозирча дўконлари бузилаётган тадбиркорларимиз ўртасида тушунмовчилик пайдо бўляпти, мен дўконсиз ва савдосиз қоляпман деган тасаввур бор, уларда. Тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Бозор яқинида уйлари бузилиши режалаштирилаётган хонадонлар эгаларини огоҳлантирдик, уларни кўчириш ишлари бошланади. Буларнинг ҳаммаси халқ манфаати, кишилар фаровонлиги ва туман ободлигига хизмат қилишини ҳамюртларимизу тадбиркорларимиз тўғри тушунсалар, кифоя. Чет эллик, ўзбекистонлик, фарғоналик ёки риштонлик бозорга кирганда баҳри дили очилиб кетса, қандоқ яхши! Сотувчиларимиз ҳам яхши ва талабга жавоб берадиган, замонавий биноларда савдо қилишга ҳамиша муносибдирлар,  –дейди Риштон тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Содиқжон Ҳайдаров.

–Риштон тумани марказини янги лойиҳа, тасдиқланган бош режасига асосан туман деҳқон бозори қайта қуриляпти, –дейди туман бош архитектори Фарҳоджон Раҳмонов. –   Шу муносабат билан бозор ҳудудида жойлашган ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган савдо дўкорларини бузиш ҳақида туман ҳокимининг жорий йилнинг 17 февралида 460-сонли қарори қабул қилинди. Меъёрий, санитария қоидалари ва архитектура талабларига жавоб берадиган, қайта қурилаётган бу бозоримизда аҳолига жуда қулай шароит яратиб берилади. Дўконлари бузилаётган тадбиркорларга энг аввало жой ажратилади. Улар энди замонавий ва яхши шароитларда тадбиркорлик фаолиятини давом эттирадилар. Биноларга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлса, зарар миқдорини аниқлаб, қоплаб бериш туман ҳокимининг қарорида кўрсатиб ўтилган.

Риштон тумани деҳқон бозорининг ёпиқ павильонига киришга ҳалақит берадиган икки қатор кетма-кет савдо дўконларининг биринчи қатори бузиляпти, бу ерда 14 та тадбиркор фаолият кўрсатар эди. Янги лойиҳада “Минор” МФЙда яшовчи 21 нафар фуқароларга тегишли ҳовлилар, нотурар бинолар бузилиб, ер майдони туман ҳокимлиги захира фондига қайтарилади. Вазирлар Маҳкамасининг 97-қарорига асосан, уй-жой бинолари бузилаётган ҳамда ер майдонлари давлат, жамоат манфаати учун олинаётган фуқароларга белгиланган тартибда ер майдони ажратилади. Келтирилган зарар миқдори аниқланиб, тўлиқ қоплаб берилади.

Дўконимизнинг орқа томони бузиладиган, олди эса бузилмайдиган бўлди, –дейди  якка тартибдаги тадбиркор Абдусалим Ҳакимов. –Оилавий тадбиркор сифатида турмуш ўртоғим билан озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланамиз. Ҳозирча бизга бозор ҳудудидан мана шу жойни вақтинчаликка ажратиб беришди. Хитойдан жиҳозлар келтириб, қандолатчилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман. Агар янги кўринишга эга бўлган бозордаги дўконимиз тезроқ битиб, ишга тушса, ана шу маҳсулотларни ўз дўконимда сотмоқчиман.

Бозорнинг меъморий қиёфасини янгилаш, туман ҳуснига ҳусн қўшибгина қолмай, Риштонга келаётган сайёҳлар оқимининг кўпайишига ҳам хизмат қилади. Демак, янги бозор ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун катта имкониятлар эшигини очиб беради ва тадбиркору сотувчи, олувчи-ю харидорга фақат қулайлик туғдиради.