Европа киноси фестивали

Фарғона шаҳрида 12-14 октябрь кунлари илк бора 6-Европа  киноси фестивали бўлиб ўтди. Фестиваль Ўзбекистондаги  Европа иттифоқи  делегацияси  томонидан  “Ўзбеккино” миллий агентлиги билан биргаликда ташкил этилди.

Фестивалнинг дастлабки кунида Ислом Каримов номидаги  вилоят театр-концерт саройида Европа иттифоқининг  Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик бўйича бўлим бошлиғи Франсуа Бежо иштирокида   журналистлар учун матбуот анжумани ўтказилди.

– Бугунги кунда барча давлатлар учун оилавий муносабатлар, фарзандлар тарбияси  долзарб. – деди   Франсуа Бежо. – Шунинг учун болалар мавзусидаги фильмлар танлаб олинган. Кино санъати томошабин маънавиятининг ўсиши, дунёқарашининг кенгайишида ўз таъсирига эга. Ўйлайманки, намойиш ёшларга манзур бўлади ва салоҳиятининг юксалишига хизмат қилади.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини  қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Тадбирда Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот бўлим мутахассиси Наргиза Алиқулова, Республика кинопрокат маркази директори Мамуржон  Муҳаммадсаидов, вилоят ҳокими ўринбосари Мухсинхўжа  Абдурахмонов иштирок этди.

Матбуот анжуманидан сўнг  фестиваль венгриялик  Иболия Фекетенинг  “Онам ва бошқа ақлдан озган қариндошлар” фильми билан  очилди.

Фестивал давомида  санъат саройида  Латвиянинг “Компьютердан хавфлироқ бобо”,  Швецария-Белгиянинг  “Бубул”,  Чехиянинг “Эмма учун эртаклар”,  Финляндиянинг “Тўрт элемент”, Словениянинг “Қўйинг, баскетболчи бўлсин!”, Швейцариянинг “Телбаларча ошиқ” кинофильмлари  томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. Барча фильмлар  оригинал ҳамда  ўзбек ва рус тилларидаги  титр билан намойиш этилди. Муҳими  намойишлар бепул ташкилланди.  Болалар Европа киноси орқали тенгдошлари яшаш тарзи, қизиқишлари ва интилишларидан бохабар бўлишди.

–    “Эмма учун эртаклар” кинофильмини дугонам Радмила билан томоша қилдик, – дейди  Фарғона шаҳридаги 21-умумтаълим мактаби  6-синф ўқувчиси Хуснигул Ражаббоева. – Менга жуда ёқди.  Албатта,  мен каби барча болалар ота-онасининг бағрида, уларнинг меҳри ва эътиборини ҳис қилиб яшашни  истайдилар. Шунга амин бўлдимки, бу хоҳиш миллат ва давлат танламайди.

Шуни таъкидлаш лозимки,  Европа иттифоқининг “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва унинг минтақавий филаллари  билан ҳамкорликда  амалга ошираётган мазкур лойиҳаси мамалакатимизда 2013 йилдан буён давом этиб келмоқда. Тошкент, Самарқанд,  Бухоро,  Навоий, Нукус, жорий йилда  эса Шаҳрисабз ва Фарғонада бўлиб ўтди.