Тест синовлари

Вилоят ҳокимлигида Президентимизнинг “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда сўз олганлар қарорда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасасига қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказилиши ва кириш тест синовлари натижаларини тест ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгилаб берилганлигини қайд этдилар.

Шунингдек, муҳим аҳамиятга эга бу ҳужжатда Давлат тест маркази, ҳокимликлар, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик, тест синовларини идораларга Олимпия захиралари коллежлари, ташкилотларнинг катта сиғимдаги бинолари ва йиғма павильонларда ўтказилишини, жамоатчилик, ота-оналарнинг жараённи онлайн тизимида кузатиб боришларига имконият яратилишини таъминлаш топширилган.

Таъкидланишича, юқоридаги қарорга кўра, Фарғона вилоятидаги барча олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган абитуриентлар вилоят марказида танлаб олинган муассасалардаги павильонларда тест синовини топширадилар.

Вилоятимизда ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона шаҳридаги Олимпия захиралари коллежи ва “Нефтчи” футбол клуби тасарруфидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактабининг спорт заллари танлаб олинди.

2018 йилда вилоятдаги 4 та олий таълим муассасасига прогноз бўйича 83726 нафар абитуриентлар ҳужжат топшириши кутилмоқда. Тест синовлари 1 августдан 15 августгача икки сменада ташкил этилиб, вилоятимизда бир сменада 2855 нафардан, бир кунда 5711 нафар ёки тахминий 6000 нафар абитуриентлар тест синовларини топширишлари режалаштирилган.

– Танлаб олинган Олимпия захиралари спорт коллежи мажмуасида 1590 нафар абитуриентга, “Нефтчи” футбол клуби тасарруфидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактабида 540 нафар, жами 2130 нафар абитуриентга жой режа-чизмаси тайёрланди, қўшимча 2 та 900 та ўринга мўлжалланган павильон сотиб олиш режалаштирилган, – дейди Давлат тест марказининг Фарғона вилоятидаги бўлим бошлиғи Исмоилхон Шокиров. – Бугунги кунда танланган павильонларнинг режа-чизмалари белгиланган талаб асосида тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига тақдим этилди. Вазирлар Маҳкамасининг топшириғида шакллантирилган ишчи гуруҳ вилоятдаги тест ўтказиладиган бинолар ҳолатини ўрганиб чиқди. Йиғилишда муассаса биноларининг видеокузатув мосламалари ва камералар билан жиҳозлаш, камераларни интернетга улаш, қўшимча павильонлар харид қилиш, тест жараёнини ота-оналарга онлайн тизимида намойиш этиш учун зарур моддий-техник воситалар билан таъминлаш ва бошқа муҳим вазифалар мутасаддиларга юкланди.