Биз – ватанпарварлармиз!

Фарғона шаҳридаги “Темурбеклар мактаби”да  Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан “Биз ватанпарварлармиз!” шиори остида тадбир ўтказилди.

Тадбирда  мактаб ўқувчилари ва “Ватанпарвар” ташкилоти  Фарғона бирлашган  техника мактаби курсантлари учун миллий армиямиз салоҳиятини намойиш этувчи кўргазма ташкил этилди. Уларнинг қизиқишлари ва интилишларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳарбий қурол-аслаҳа, техникалар ҳақида маълумот берилди.

Ватанимиз Қуролли кучларини ислоҳ қилиш, профессионал армияни шакллантириш борасида қабул қилинаётган қонунларнинг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбатида ҳам ёшларга берилаётган имкониятлар эътироф этилди. Мард ва жасур ўғлонлар – юрт таянчи эканлиги,  ватанпарварлик хиссини юксалтириб, муваффақиятларга эришиш зарурлиги таъкидланди. Эртамиз эгаларини руҳан тетик, маънан етук бўлишларида муҳим аҳамиятга эга бўлган “Ёшларнинг ҳарбий – ватанпарварлик тарбияси”  китобининг тақдимоти  бўлиб ўтди. Қўлланманинг аҳамияти, мақсади, асослари, йўналишлари ҳақида тушунча берилди.

Шу билан бирга, ёшлар ўртасида  соғлом турмуш тарзини  тарғиб қилиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, спортнинг  техник  ва амалий турларини оммавийлаштиришга хисса қўшган бир  гуруҳ   педагог-ходимлар фахрий ёрлиқ билан тақдирландилар.

Тадбирда Ватан тинчлиги ва сарҳадлар даҳлсизлигини таъминлаш йўлида мардларча ҳалок бўлган  лейтенант Бобуржон Ғаниевнинг онаси Мунаввархон  опа ҳам  иштирок этди. Юртимизнинг мард ўғлони хотираси ёд этилиб, хизмат давомида эришган  ютуқлари, фазилатлари, интилувчанлиги барчага ибрат қилиб кўрсатилди.

Тадбирда 100 метр  масофага югуриш,  тортиниш,  арқон тортиш,  арм-реслинг ҳамда  ҳаво қуролидан  ўқ отиш  бўйича ўтказилган спорт мусобақаларида курсантлар ўзаро куч синашдилар. Жаҳонгир Аҳмаджонов,  Сирожиддин Нишонов, Фаҳриддин Икромовлар фахрли биринчи ўринларни қўлга киритдилар.  Ғолибларга  диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда  “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий Кенгаши раиси  Мажид Умаров, “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони сохиби, боксчи Бектемир Мелиқўзиев иштирок этди.