Пахтачиликда кластер – юқори даромад манбаи

Жорий йилда Риштон туманида “Rus o’zbek teks” масъулияти чекланган жамияти биринчи марта кластер усулида пахта хомашёси етиштирди.

Аграр тармоққа инновацияларни кенг татбиқ қилиш, заминимизда етиштирилаётган хом ашёни ўзимизда қайта ишлашни чуқурлаштириш бугунги замон талабидир.

Зеро, қишлоқ хўжалиги қанчалик саноатлашса, давлатнинг иқтисодий ва экспорт салоҳияти шунчалик ортади, халқнинг турмуш фаровонлиги юксалади. Шу боис мамлакатимизда кейинги пайтда илғор технологияларга асосланган инфратузилмани яратиш, қишлоқ хўжалигида кластер усулини жорий этишга жиддий эътибор қаратилмоқда. Ана шундай инновацион лойиҳалардан бири Риштон туманида рўёбга чиқарилмоқда.

Кластер усули пахтачилик соҳаси истиқболини белгиловчи инновацион ғоя эканлигини дунё тажрибаси яққол намоён этмоқда,-дейди Риштон тумани ҳокими Таваккалжон Раҳимов. – Бу усул самараси сифатида туманимиз фермер хўжаликларининг иқтисодий салоҳияти жадал ривожланиши кўзда тутилган.

“Rus o’zbek teks” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилда инновацион лойиҳа асосида илк марта пахта етиштиришда кластер усули қўлланилаётган бўлиб, натижалар ҳам салмоқли бўлиши кутиляпти. Замонавий инновацион усуллар асосида пахта етиштириш ва уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи ўзлаштиришга аҳд қилган ишбилармонлар эрта баҳорда 6 минг 245 гектар майдонга “Наманган -77”, “С-8290” навли чигит уруғларини бир текис ундириб олди. Ниҳоллар қатор орасини юмшатиш, культивациялаш, ягана қилиш ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилди. Бу юмушларни тез ва сифатли бажариш учун янги олинган техникалар кучидан самарали фойдаланилди. Меъёридан анча иссиқ бўлган ёз фаслида ғўзани шарбат усулида тунги суғориш йўлга қўйилгани, маҳаллий ва минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантирилгани, бегона ўтлардан тозаланиб, белгиланган муддатларда чеканка қилингани ҳам ўтган йилларга нисбатан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Фермер бугунги кунда ҳеч нарсага эҳтиёж сезгани йўқ. Чунки минерал ўғит ёки ёқилғини шартномада кўрсатилган муддатда, керагича олиши мумкин. Ишчилар ўз вақтида ойлик маош билан таъминланаётир. Даромад ҳам энди меҳнатга яраша бўлади. Ҳосилдорлик қанча яхши бўлса, фермернинг ҳам даромади ошиб бораверади.

Кластер усулининг афзал томонларини амалда ўз кўзимиз билан кўриб, бунга ишонч ҳосил қилдик, – дейди “Қодир Содиқ” фермер хўжалиги раҳбари Юрсинали Содиқов. –Бу йил “Rus o’zbek teks” масъулияти чекланган жамияти билан шартнома имзолаб, 18 гектар майдонга 40 центнерлик маррани кўзлаган ҳолда “С 8290” навли чигит экдик. Агротехник тадбирлар вақтида бажарилганлиги учун далаларда пахта қийғос очилди. Айни дамда пахтани ўз вақтида териб олиш ҳаракатидамиз.

Бугунги кунда туманда ҳар куни 10 минг нафардан зиёд теримчи пахта теримида иштирок этмоқда. Терим пуллари ўз вақтида берилиб, 1 килограмм пахта учун 850 сўм тўланмоқда. Шунингдек, жамият томонида илғор теримчи ва кўнгилли ҳашарчилар муносиб рағбатлантирилмоқда. Эътиборли жиҳати, жорий йилда яна бир ташаббусга қўл урилди. Фермер хўжалиги пахта ҳосилдорлигини 40 ва 50 центнергача етказса, жамият томонидан “Матиз”, “Нексия” ва “Ласетти” автомашиналари билан тақдирланади.

Айни кунларда туманда 30 дан ортиқ фермер хўжаликлари белгиланган пахта шартнома режасини ортиғи билан уддалашди.

Ҳозир қилган меҳнатга яраша даромад оладиган пайтимиз келди. Соҳада иннавацион ғоялар асосида ҳаражатни камайтириб, юқори ҳосил олиш учун мунтазам изланиш олиб боряпмиз. 27 гектар майдонда пахта етиштириб, белгиланган режани бажардик. Жорий йилда ҳосилдорликни 40 центнердан ошириш ниятидамиз, – дейди “Рошидон даврони” фермер хўжалиги раҳбари Достонбек Матмусаев.

Ҳа, бугун далаларда ҳосил мўл. Айни кунларда пахтани ёғин-сочин кунларга қолдирмасдан йиғиштириб олиш учун астойдил ҳаракат қилинмоқда. Жорий йилда туманда 19 минг тоннадан зиёд сифатли пахта хом ашёси етиштириш режалаштирилган. Йиғиб олинаётган пахта ҳосили 250 дан ортиқ ташиш техникаси ёрдамида пешма-пеш қабул пунктига етказиб берилмоқда.

“Rus o’zbek teks” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2018-2020 йилларда истиқболли лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Айниқса, кластер усулини жорий этилиши жамиятга кўплаб имтиёз ва имкониятлар бермоқда.

Илгарилари фақатгина калава ип ишлаб чиқариш билан шуғулланардик, – дейди жамият директори Олимжон Олимов. –Эндиликда бу ерда хом ашё қайта ишлашнинг барча босқичидан ўтиб, экспортбоп тайёр маҳсулотга айланади.  Чунки  инновацион кластер, бу — бир мажмуа доирасида бир жамоа бўлиб ерларни шудгорлаш, чигит экиш, пахтани парваришлаб, ҳосилини йиғиб-териб олиш, хом ашёни чуқур қайта ишлаш билан боғлиқ корхоналарни бирлаштирувчи ишлаб чиқариш услубидир.Ҳисоб-китобларимизга кўра жорий йил якуни билан 20 миллиард соф даромад олишни кўзда тутганмиз.

Бугунги кунда мазкур жамиятда 420 нафар ишчи–ходим меҳнат қилмоқда. Тумандаги пахта тозалаш заводи ҳам жамият томонидан сотиб олиниб, 200 минг долларлик замонавий технологиялар ўрнатилди. Вилоятда кластер усулини қўллаш бу йил мазкур жамиятда илк синовдан ўтказилмоқда. Келгусида улар пахта етиштиришдан тортиб, то хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш билан якунланадиган тўлиқ тўқимачилик иш жараёни циклини яратади, икки мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади. Жорий йилда жамият томонидан 5 минг 420 тонна калава ип ишлаб чиқарилиб, 143 миллиард сўмдан ортиқ даромад олиш тадбирлари кўрилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, кластерларнинг ташкил этилиши ишлаб чиқариш занжири ривожланишига, хомашёни чуқур қайта ишлашни таъминлашга хизмат қилади. Бозор муносабатлари шароитида фаолиятнинг бу тахлит йўлга қўйилиши ўз навбатида ишлаб чиқарилаётган товар таннархи пасайишига, унинг сифати яхшиланишига, тармоқнинг рақобатбардошлиги янада ошишига имкон беради. Кластерда пахта хомашёси барча босқичдан ўтгач, аъло сифатли, рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотга айланади. Риштон туманида бошланган кластер асосида пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш лойиҳаси ҳам ана шу жиҳатлари билан аҳамиятлидир.

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ.

Шерзод Қорабоев олган суратлар.