Маданият жонкуяри

Ҳаётда ҳар бир соҳанинг жонкуярлари бўлади. Фарғона шаҳрилик Татьяна Шералиева  ҳам маданият соҳасининг фидойи мураббий-раҳбарларидан бири саналади.

Унинг 32 йилдан ортиқ меҳнат фаолиятига назар соладиган бўлсак, эзгу ишларининг сарҳисоби-меҳнатнома намунаси дейиш мумкин.

1977 йилда Фарғона педагогика институтининг рус тили ва адабиёти факультетини тугатиб, шаҳардаги 16-мактабда иш фаолиятимни бошладим, – дейди Татьяна Шералиева. – Мактабда ўқитувчи ҳамда ёшлар етакчиси бўлиб, жамоадаги барча тадбир ва байрамларда юқори синф ўқувчилари фаоллигини таъминлашга ҳаракат қилдим. 1984 йилдан Фарғона шаҳар маданият бўлими бошлиғи, 1993 йилдан маданият уйи директори,  1997 йилдан буён эса вилоят маданият ва аҳоли дам олиш маркази директори лавозимида фаолият олиб боряпман.

Айни кунларда марказда 65 та тўгарак мавжуд бўлиб, 3 ёшдан 90 ёшгача бўлган  1200 нафар қатнашувчилар бор. Маданият масканида 16 та халқ ва намунали ансамбль фаолият кўрсатади. Ансамбль қатнашчилари халқаро фестивалларда фаол қатнашиб, ўринларни қўлга киритишмоқда.

Жорий йилнинг апрель ойида Қирғизистон Республикасининг Баткен шаҳрида халқаро фестивалда болалар рақс-вокал ансамбли таркибида халқ қўшиқлари, мусиқа ва бошқа кўплаб номинациялар бўйича 40 нафар 8 ёшдан 14 ёшгача иштирокчилар қатнашди. Уларнинг ютуқлари салмоқли бўлди. Гранпри ва 1-ўрин фарғоналикларга насиб этгани жуда қувонарли ҳолдир.

Сентябрь ойининг бошида Хива шаҳрида “Рақс сеҳри” фестивали бўлиб ўтди. Унда  марказнинг 12 та тўгарак  аъзоси  ғолибликни қўлга киритган бўлса, “Гўзал” ансамблининг энг ёш раққосаси Назокат Мўйдинова Фахрий ёрлиқ билан ғолиблар сафидан жой олди.

“Дуэт” замонавий бал ансамбли республикада ягона ҳисобланади. Унинг таркибини 6-18 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Вилоятимиз ҳамда республика миқёсида ўтказиладиган ҳар бир тадбирда мазкур ансамбль аъзолари фаол қатнашади. Аҳмад Эгамбердиев раҳбарлигидаги “Сано” халқ эстрада ва вокал чолғу ҳамда Толибжон Усмонов бошчилигидаги карнай-сурнай, доирачилар ансамблларида, “Ширинтой”, “”Шодлик”, “Наргиз”, “Кичкинтой”, “Солнишко” намунали болалар ансамблларида  3 ёшдан 8 ёшгача бўлган болажонлар ўз маҳоратларини намоён этишяпти.   

“Радуга” халқ  эстрада хореография ансамблини вилоятимизда кўпчилик яхши билади. Унинг раҳбари Галина Ксенофондова 16 ёшдан юқори бўлган йигит-қизларга рақс сирларини ўргатишдан чарчамайди. Гулбаҳор Шаропова, Нелья Шейхматова ва яна кўплаб ўқитувчилар марказнинг энг тажрибали ва фидойи  устозларидан саналади.

Марказ директорининг меҳнатлари ўз самарасини кўрсатди. Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами муносабати  билан вилоят маданият ва аҳоли дам олиш  маркази  директори Татьяна Шералиева “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.