Сиздан бошланади асли тафаккур

Фарғона шаҳридаги “Афросиёб” мажмуасида Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилган вилоят халқ таълими ходимларининг байрам тадбирида сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Илҳомжон Носиров юртимизда кенг нишонланаётган бу қутлуғ кун билан барча байрам иштирокчиларини самимий қутлади.

Президентимиз Фармонига мувофиқ Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланганлар орасида фарғоналик ўқитувчи ва мураббийларнинг ҳам борлиги барчамизга фахр-ифтихор туйғусини бағишлайди.

Тантанада мукофотланган ўқитувчи ва мураббийлар номи фахр билан эълон қилиниб, мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Чин маънода бахтли устозга айландим, – дейди қувасойлик “Шуҳрат” медали соҳибаси Владислава Морозова. – Президентимизга чин юракдан ташаккурларимни билдириб, бундан кейин ҳам бор билим ва маҳоратимни ёш авлод камолоти йўлида бахш этавераман.

Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова тадбир иштирокчиларини ўқитувчи ва мураббийлар куни билан муборакбод этиб, ўз шеърларида устоз ва мураббийларнинг меҳнатларини улуғлади.

Президентимиз Фармонига кўра “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланганимдан бошим кўкка етди, – дейди Фарғона туманидаги 9-мактабнинг она тили фани ўқитувчиси Ҳамидахон Турғунова. – Байрам табригида айтилган сўзлар менга янги вазифаларни белгилаб берди. Ўттиз йилдан бери ўзим ўқиган мактабда сабоқ берар эканман, ўқитувчилик касбини танлаганимдан жудаям фахрланаман. Устознинг қадри янада юксалган юртнинг бир муаллими бўлиш мен учун бахт!

Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Инсон тафаккурининг қуввати ва кенглиги аввало муаллим тарбиясига боғлиқ”, деган фикрларида устозлар масъулиятига урғу берилади.

Ана шундай талабчан, масъулиятли бир гуруҳ ўқитувчиларга “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони ҳам топширилди. Шунингдек, халқ таълими вазирининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалар ўз эгаларига тақдим қилинди.

Тадбир давомида энг сара қўшиқлар янгради, қўшиқлар рақсларга уланди.

“Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизларнинг барчангизга ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз”, дея давлатимиз раҳбари устоз ва мураббийлар меҳнатига юксак баҳо берган эди.

Жаҳонгир МИРЗАМАТОВ олган сурат.