Мактабгача таълим тизимини ривожлантириш уфқлари

Вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда мазкур тизимни янада ривожлантиришга қаратилган қарорлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишни вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев олиб борди.

Унда вилоятда мактабгача таълим тизими ва уни ривожлантиришга дахлдор бўлган барча бўғиндаги раҳбар ва мутахассислар, шунингдек, янгитдан ташкил этилиши мўлжалланган мактабгача таълим муассасалари лойиҳаларини тақдим этган тадбиркорлар, лойиҳа институти масъуллари иштирок этишди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 14 февралидаги кенгайтирилган мажлисда тизимни тубдан ислоҳ қилиш, муассасаларга боғча ёшидаги болалар қамровини ошириш, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида белгилаб берилган чора-тадбирлар ижросига эътибор қаратилди.

Вилоятимизда хусусий ва давлат шерикчилиги асосида қурилиши кўзда тутилган 277 та мактабгача таълим муассасалари учун ўз лойиҳаларини тақдим этган тадбиркорлик субъектларига керакли йўл-йўриқлар берилиб, жараёнда учраши мумкин бўлган муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан қонуний кўрсатмалар берилди. Шунингдек, ҳудудлардан тақдим этилган мазкур лойиҳаларнинг қонунийлиги юзасидан вилоят ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган ишчи гуруҳ томонидан тегишли тавсия ва  хулосалар баён қилинди.

Республикамиз, хусусан вилоятимизда мактабгача таълим тизимига қаратилаётган бундай эътибор болалар боғчаларининг замонавий ва ҳар томонлама қулай бўлган таълим-тарбия масканига айланишига ҳамда боғча ёшидаги фарзандларимизнинг мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олинишига замин яратади.