Дам бу дамдур, дам бу дам…

Ҳамроҳим ёши сал ўтинқираб қолган аёл рақамлари ўчиб кетган, эски қўл телефонини менга тутқазиб, кўзим хатни кўрмайди, илтимос шундан Камёб деган ёзувни топиб териб берсангиз, деди.

Ажабланиб, қизиқсиниб аёлнинг телефонидан  Камёб  ёзувини топиб бердим. Камёб аёлнинг набираси экан, телефонда бувисига роса “буюртма” берди. Телефонини ўчириб хомуш тортган аёлга савол назари билан қарадим.

Шунақа, набирам тантиқроқ, бувисига кўп эркалайди. Тўнғич ўғлимнинг қизи, яқинда уни узатяпти, каттагина камини  кўтардим. Камлардан ортиниб ўзимга битта кўзойнак ололмайман, кундан-кунга кўришим пасайяпти.

Аёлга разм солдим-да, хаёлимга бир ўқитувчининг гапи ёдимга тушди. Боласида энг қиммат смартфон телефони. Отасида аллақачон муддати ўтиб кетган эски телефон. Бола дунёдан бохабар бўлиб турармиш, отага дунё хабарлари учун телевизор бор эмиш. Қизининг бўйнида тилла занжир, қулоғида бриллиант кўзли зирак, қишда қор-ёмғир ёғса, онасининг  этигидан сув кираркан, ота-оналар мажлисига келолмасмиш.  Шифокордан эшитганим. Ўзбегимдан айланай, витаминга бой мева-сабзавотларни сотиб олиб егани “қорни оғрийди”, фалон пул сарфлаб, бахмал кўрпаликларни ҳеч оғринмай қиз узатаман, дея харид қилади. Организм ишдан чиқса майли,  тахмонни тахи бузилмасин…

Энди синглим, бизнинг пайтимизда битта сандиқ-жавон, тўртта кўрпа-якандоз, уч-тўртта кийгидек кўйлак билан қиз узатилаверарди. Ҳозир унақа эмас, болаларимиз, набираларимиз яхши яшасин, дейман-да. Эртага қийналмасин, ота-она қўр қилиб қўйса, эртага керак бўлади-да.

Аёлнинг гапига энди чидаб туролмадим. Ичимдаги гапларни борини тўкиб солдим.

Қачонгача биз ўтмишнинг кераксиз “эсдаликлари”, келажакнинг мавҳум “орзулари” билан яшаймиз. Ният нима, ўтган кунларимизнинг ибратли томонини уларга сўзлаб бериб хулоса чиқариб олинглар дейишми ёки биз яхши еб-ичмаганмиз, киймаганмиз, энди сизлар ҳеч қандай камлик кўрмай яшанглар, дея улар учун жонимизни аямай ишлаб моддий имкониятлар яратишми?!  Билсангиз, бугунги ёшлар ота-онам ёки бобом бир замонлар қийналиб яшашган, энди биз ҳам ўшаларга ўхшаб яшайлик, демайди. Бизнинг ўтмиш ҳикояларимиз уларга сафсата бўлиб туюлади.

Тўғри, бу эл уйим-жойим, болам-чақам, дея умр кечиради. Бироқ бугун фарзандларимиз, зурёдларимиз олдидаги маънавий қарздорлик ҳиссидан кўра моддий бурчимизни тезроқ, вақтнинг нақдида ўтаб қўйишни авлороқ  биляпмиз. Ва айни пайтда айрим ёшлар онггида тайёрга айёрлик, худбинлик ҳиссини,  моддий бойлик тўплаш илинжини уйғотиб қўйяпмиз.

Бугун олимлар, зиёли кишиларни ташвишга солаётган ҳолат  аҳолининг интеллектуал салоҳиятини ўстириш.  Маънавий тўқлик, маданий савияни оширмасак, майда истакларнинг қурбонига айланиб қолаверамиз?!

Таҳририятга бир отахон ўзининг ўтмишига доир маълумотлар ва узундан- узун ўтган кунларига бағишланган шеърини кўтариб келибди. Меҳмонимизни ҳурмат билан қарши олдик. Суҳбати чўзилиб кетса ҳам сабр билан тингладик. Ўтмишни титкилаб-титкилаб  чарчаган отахонни кузатиб уйга қайтаётсам яна бир манзарага дуч келдим. Таниш аёл ёзғирарди. Қаранг, набирам ҳовлимиздаги анжирни хомлигича битта қолдирмай териб келибди. Буни еб бўлмайди, қиём ҳам қилиб бўлмайди, чорва ҳайвонларига берсак бўлади!!!

Юқоридаги икки манзара каби ўтган кунлар тафсилотлари,  келажак ҳақида ғам-ташвишлар ҳам инсонларга зарар келтиришдан,  вақтни ўғирлашдан бошқасига ярамайди.

Навоий ҳазратлари айтмишлар:

Мози-ю мустақбал аҳволин такаллум айла кам,

Не учунким, дам бу дамдур, дам бу дамдур, дам бу дам.

Маъноси, мозий ва келажак ҳақида камроқ сўзлагин, чунки айни дам ғаниматдир. Ҳа, ўтган ўтди, эрта ҳали келгани йўқ, бугунги кунига мазмун бағишлаган одам ғолибдир.

Ҳар бир дақиқа, ҳар бир соат шиддат билан ўзгариб бораётган дунёни забт этишга, тараққиётга интилишга ундар экан, бугунимиз учун бефарқ бўлмайлик…