Дўстлик ва маданий алоқалар тобора ривожланади

“Риштон-Япония” маданий иқтисодий алоқалар марказида икки давлат ўртасидаги дўстлик ва маданий алоқалар тобора ривожлантириб борилмоқда.

Ўтган йиллар мобайнида кунчиқар мамлакатнинг 5000 дан ортиқ фуқаролари ушбу марказ ҳамда унинг қошида ташкил этилган япон тилини ўқитиш мактаби фаолияти билан танишдилар.

Ушбу мактабни битирган 124 нафар риштонлик ёшлар Япониянинг турли олий ўқув юртларида таълим олиб, мутахассисликка эга бўлишди ва кўпи бугунги кунда ҳам ўқишни давом эттирмоқда. Масалан, 2016 йили Москва шаҳрида МДХ давлатлари ўртасида япон тилини ўқитиш бўйича бўлиб ўтган танловда мактабнинг собиқ ўқувчиси Зилола Бобожонова 1 ўринни олди. Бу, албатта туманда япон тилини ўқитиш қанчалик ривожланиб бораётганидан далолат беради.

Марказ раҳбари Ғанишер Назировнинг меҳнати юксак қадрланиб, мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами арафасида ”Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ташаббуси билан япон мактаби учун 3 гектар ер ажратилди. Энди Риштонда Япониянинг Томиока шаҳри мутахассислари билан ҳамкорликда тут плантацияси барпо этилади. Бевосита тутчилик билан шуғулланувчи япониялик мутахассислар бу ерга келишиб, ипакчилик соҳасини ривожлантиришади.

Яқинда Риштонга Япониядаги Каичи халқаро университети ректори Аоки Toru хамда Каичи Халқаро япон тили мактаби ректори Nakano Kojiлар ташриф буюришди. Меҳмонлар ўзлари билан бирга Риштондаги япон мактабида таълим олаётган ёшлар учун ўқув дастурлари ҳамда грант олиб келишди. Ушбу грант келгусида Японияга бориб, тил ўрганиб, тиббиёт мутахассиси бўламан деган ёшларга берилади.

Шу куни Риштон тиббиёт коллежи ўқувчилари билан япониялик меҳмонларнинг учрашуви бўлиб ўтди. Меҳмонлар Япониядаги олий ва ўрта махсус ўқув юртлари шароитлари ва ёшлар олдига қўйиладиган талаблар ҳақида  маълумотлар беришди. Учрашувда ёшлар меҳмонларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди.