Дадил қадам

Ўзбекистон  суперлига чемпионатининг юқори ва қуйи олтилигида ҳал қилувчи мусобақалар  қизғин давом этмоқда.

Қуйи  олтиликдан жой олган “Нефтчи” жамоаси 23-турда Олмалиқ шаҳрида АГМК жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Учрашувнинг 73-дақиқасида “Нефтчи” таркибида ўзгариш юз берди. Майдонни тарк этган Достон Тошматов ўрнига тажрибали  ҳужумчи  Игорь Таран туширилди.  Бу футболчи майдонга тушиши билан Андрей Сидиров  томонидан  узатилган  тўп билан олдинга интилиб, мезбонлар дарвозабонини доғда қолдирди. Бахтиёр Ашурматов шогирдлари мағлубиятдан қутулиб қолиш учун ёппасига ҳужумга ўтишлари ҳам учрашув охиригача бу ҳисобни ўзгартира олмади.

Август  ойида  Ўзбекистон  профессионал футбол лигаси ва мухлислар томонидан ўтказилган сўровномада энг яхши мураббий деб топилган Баҳром Ҳайдаров шогирдлари сафардаги биринчи ғалабани сақлаб қолдилар. Бунда майдон эгаларининг энг хавфли ҳужумларини ҳам бартараф эта олган “Нефтчи” дарвозабони  Абдумавлон Абдужалиловнинг ҳам ҳиссаси катта.

Бу турда юқори олтиликда “Локомотив” ва “Бунёдкор” ғалаба қозонган бўлса, қуйи олтиликда муваффақият фақат фарғоналикларга насиб этди. “Қўқон-1912”-“Насаф”, “Сўғдиёна”-“Қизилқум” баҳслари дуранг натижа билан якунланди. Шу тариқа Баҳром Ҳайдаров шогирдлари суперлигада  мустаҳкам  ўрнашиб  қолиш  юзасидан қўйилган вазифани бажаришда  дадил  қадам ташладилар. Очколар бўйича биздан олдинда бораётган Жиззах жамоаси билан тенглашиб олдилар.

Бугун 24-турда “Нефтчи” ўз майдонида “Насаф”ни қабул қилади.  “Сўғдиёна” эса  учрашувни  сафарда  ўтказади. Агар бу сафар ҳам фарғоналиклар  ғалаба  қозонса, турнир  жадвалидаги  ўрнини ўзгартириб, олдинга ўтиб олиши мумкин.