Нон нархида қандай ўзгаришлар бор?

Одамзодга ато этилган неъматлар ичида энг беназири бўлган нонга халқимизнинг эҳтиёжи ҳеч бир замонда ўзгармаган. Нон ҳамиша фаровонлик, тўкинликнинг азиз тимсоли бўлиб халқнинг бағри бутун, кўнгли тўқ бўлиб яшашига замин яратган.

Ноннинг ушоғи ҳам нон дейдилар. Уни увол қилмаслик, тўй-маросимларимизда исроф қилмаслик қадриятларимизнинг олийжаноб кўриниши эканлигини ҳар қачонгидан ҳам кўра бугун теран англашимиз керак. Шу ўринда айтиш мумкинки, айрим ҳолатларда баъзи кимсалар орасида нонни чиқиндиларга қўшиш,  йўлларга ташлаш, автобуслар салонларида нон бурдаларини қолдириб кетиш, энг ачинарлиси, ушбу ҳаётий неъмат билан уй ва чорва ҳайвонларини боқиш сингари қусурлар кўзга ташланмоқда.

Маълумки, бугунги кунда дунёнинг кўплаб ҳудудларида юз бераётган иқтисодий тақчиллик мамлакатимиз аҳолисини четлаб ўтмоқда. Айрим давлатларда бу ҳолат ачинарли тарзда давом этиб, айниқса, Африка мамлакатларида болаларнинг очликдан касалликка чалиниб вафот этаётганлиги ёки нон танқис юртларда инсонларнинг бу неъматга зор бўлиб яшаётганлигини эшитиб, кўриб турибмиз. Агар интернет тармоғи манбаларига таянадиган бўлсак, ҳозирда ер юзидаги юз миллионлаб инсонлар ва болалар тўйиб нон емаслик, очарчилик гирдобида азият чекмоқдалар.

Истиқлол йилларида мамлакатимиз ғалла етиштириш бўйича дунёнинг етакчи давлатлари қаторидан жой олганлиги ва юртимизда дон мустақиллиги таъминланганлиги бизни мана шундай тўкин ҳаёт кечираётганимизнинг бош омили ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги “Мамлакатимиз аҳолисини ва иқтисодиёт тармоқларини рақобат ва бозор механизмаларини жорий этиш асосида дон, ун ва нон билан ишончли таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  ижросини таъминлаш бўйича вилоятимизда кенг қамровли чора-тадбирлар режаси белгиланди. Бу борада бевосита вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан амалий саъй-ҳаракатлар бошланиб, мазкур жараёнда вилоятимиздаги ҳар бир оила, ҳар бир инсон эътибордан четда қолмаслиги зарурлиги устувор вазифа сифатида белгилаб олинган.

Қарорда кўрсатиб ўтилганидек, 2018 йил 1 октябрдан бошлаб 14 ёшгача фарзандлари бўлган оилаларга болалар сонидан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан белгиланадиган нафақа энг кам ойлик иш ҳақига нисбатан бир нафар фарзанди бўлган оилага-60 фоиз, икки нафар фарзанди бўлган оилага – 100 фоиз, уч ва ундан кўп фарзанди бўлган оилага -140 фоиз миқдорида тўланади.

Пул компенсацияси Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўлаб борилади. Заруратга кўра, бозорда дон ва ун нархлари кескин ўзгаришининг олдини олиш мақсадида истеъмолчиларга сотиш учун давлат захирасидан дон чиқариш таъминланади.

Айни кунларда қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб вилоят ҳокими ташаббуси билан аҳолини ун маҳсулоти билан ишончли ва узлуксиз  таъминлаш мақсадида ҳар куни Фарғона шаҳар Марказий деҳқон бозорида 10 тонна “Фарғона-1” навли уни арзонлаштирилган нархда сотувга чиқарилмоқда. 45 килограмм ун 79 минг сўмни ташкил этади. Харидорлар бундай имкониятдан миннатдор бўлишаётганини юз-кўзларидан кўришимиз мумкин.

Айрим аҳоли вакиллари орасида ноннинг нархи ошибди деган хавотирга ўхшаш хабарлар  тарқалгани ҳам бор гап. Аммо ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Бағрикенг, меҳнаткаш халқимизнинг талаб ва эҳтиёжи ҳамиша қондирилган. Зеро, ғалла етиштирувчининг меҳнати ҳеч қачон ерда қолган эмас. Ризқи-насибаси бутун халқимизнинг хонадонида ҳар доим буғдойи, уни, нони етарлидир.

Таъкидлаш ўринлики, бу ўзгариш асосан хориждан келтирилган ундан фойдаланиб нон тайёрловчи новвойларимизга тааллуқли эмас,-дейди “Фарғонадонмаҳсулотлари” АЖ бош иқтисодчиси Рустамжон Мамасиддиқов. – Боиси четдан келтириладиган унларнинг нархи бозор талаби ва эҳтиёжи асосида шаклланиб бўлган. Бу ўзгариш асосан ўзимизнинг ундан тайёрланадиган қолипли нон (бўлка нон)нинг нархи билан боғлиқ.

Жамиятимизда жорий йилда ўтган йилгидан кам бўлмаган миқдорда буғдой қабул қилинди. Ҳозирги кунда Швейцария технологияси ёрдамида кунига 150-160 тонна олий, биринчи ва иккинчи навли ун ишлаб чиқариляпти. Вилоятимиз аҳолисига сифатли ун маҳсулотларини етказиб беришда ҳеч қандай узилишлар бўлмайди.

Корхона ёнида жойлашган “Лаззатли ризқ нон неъматлари” МЧЖ раҳбари Иброҳимжон Набижоновнинг маълум қилишича, олий навли ундан тайёрланган бўлка нон 1200 сўм (илгари 910 сўм эди), биринчи навли бўлка нон 1000 сўм (илгари 650 сўм эди) сотилмоқда. Кўриб турганингиздек, нарх ўзгаришида катта фарқ йўқ.

Шу ўринда вилоятимиз  аҳолисини нон ва нон маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш самарали йўлга қўйилаётганини таъкидлаш жоиз. Аҳолини бебаҳо неъматга нисбатан онгли равишда муносабатда бўлишини тушунтириш мақсадида таҳририят ижодий гуруҳи деҳқон бозор расталари, нон пишириш цехлари ва савдо дўконларида нон нархларининг ўзгариши билан боғлиқ масалаларни  ўрганди.

Савдо расталарини кўздан кечирар эканмиз, ноннинг нархи айтарли даражада оширилмаганлигига гувоҳ бўлдик. Тўғри, баъзи новвойлар бир икки кун мобайнида халқни алдамоқчи бўлиб, Қозоғистонда ишлаб чиқарилган унда таёрланган нон маҳсулотини бироз ошган нархда сотмоқчи бўлишди. Лекин бу узоққа чўзилмади. Харидорлар сони кескин пасайиб кетгани сабабли яна нонлар ўз нархига қайтди. Аммо шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қарорда кўрсатиб ўтилган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ундан тайёрланган қолипли-бўлка нон авваллари 1000 сўмгача сотилаётган бўлса, қарордан сўнг 1200 сўм қилиб белгиланди.

Фарғона шаҳар деҳқон бозор ҳудудида жойлашган “Ун 555”  дўконидамиз. Бу ерда Қозоғистондан келтирилган 25 килограммлик қопдаги олий, биринчи навли унлар 57 минг сўмдан 75 минг сўмгача сотиляпти. Нархлар ҳар доимгидек.  Бозор ҳудудида жойлашган “Саховат иссиқ нон” МЧЖ га қарашли дўконидаги нон маҳсулотлари хариди билан қизиқдик.

Мен ҳар доим нонни шу ердан сотиб оламан , — дейди Фарғона шаҳар, Мустақиллик кўчасида истиқомат қилувчи Ҳакимахон Турғунова.- Нон сифати, хилма-хиллиги, нархлари чўнтакбоплиги учун ҳам харидорлар қадами узилмайди.

Махсус расталарда хиродорлар эҳтиёжига қараб бўлка ва булочкаларнинг номи, нави, вазни, нархи кўзга кўринарли қилиб ёзилганлиги ҳам харид учун қулай. 600 граммлик “Сайка” нони 1600 сўм, худди шундай вазндаги қолипли нон нархи 1200 сўм, 500 граммли кепакли нон 2000 сўмни ташкил этади. Ноннинг 8 хили, булочканинг 6 хил нави ва вазнига қараб чўнтакбоп нархларда сотиляпти.

Айни  пайтда деҳқон бозори ичида 216 та нон растаси бўлиб, харидор энг гавжум жойларда нон сотилади. Нон сотувчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Халқимизнинг тўй-маросимлари кўплиги, меҳмоннавозлиги туфайли бир кунда истеъмолчилар томонидан ўртача 3 тонна қолипли ҳамда новвой нон харид қилинади.

Бозор расталаридаги 10 турдаги патир, 5 турдаги новвой нонларнинг сифати ва нархи ҳар қандай харидорни қониқтиради. Қозоғистон унидан тайёрланган новвой нонлар 800 сўмдан 2000 сўмгача  сотиляпти.

Фарғона шаҳридаги савдо марказлари, супермаркет, дўконларда ҳам нон нархлари меъёрида. “Фарғонасавдо” базасига қарашли “Дон-батон”  дўконида  Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ундан тайёрланган  500 грамм 1 навли  бўлка нон нархи 900 сўм, олий навдан тайёрлангани эса 1500 сўм. Батон, булочка маҳсулотлари учун ҳам 1000 сўмдан 2500 сўмгача нарх белгиланган. Аммо Мустақиллик кўчасидаги “Оптом” дўкони, Навоий кўчасидаги қатор савдо дўконларида 1 навли бўлка нон 1000 сўмдан сотилаётганига гувоҳ бўлдик. Демак, Қозоғистонда ишлаб чиқарилган ундан тайёрланган ҳар қандай нон турининг  нархи ошмаган бўлсада,  нархларда 100-150 сўм фарқ борлиги аниқланди.

Фарғона шаҳридаги “Oybek mazali non» МЧЖ га қарашли нон пишириш цехида  ҳар куни 2000 дона нон ишлаб чиқарилиб, шаҳардаги 10 дан ортиқ дўконларга тарқатилади. Айни пайтда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 1 навли 600 грамм бўлка нон 1000 сўм, 500 граммлиги эса 900 сўмдан харидга чиқариляпти.

Таҳририят ижодий жамоаси бу борадаги журналист суриштирувини давом эттиради.