Фарғонада “Автомобилсиз кун” марафони

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва йўл транспорт ҳодисалари профилактикасининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилди.

Веломарафончилар Аҳмад Фарғоний ва Ислом Каримов кўчалари чорраҳасидан, марафончилар эса  Аҳмад Фарғоний ва Мураббийлар кўчалари кесишган жойдан югуриш учун старт олишди.

Веломарафонда катта ёшдаги иштирокчилар орасидан Одилжон Бобобеков, Рўзивой Турдиев, Маъруфжон Аҳмадалиев фахрли ўринларни эгалладилар.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист  Абдулҳай Каримов ёши улуғ иштирокчи, Худоберди Абдужалилов эса энг ёш  қатнашчи сифатида ғолиблар қаторидан жой олишди.

Ёшлар ўртасида ўтказилган веломарафонда Моҳинабону Элмуродова, Фаррух Рахмонов, Богдан Кочкинлар ғолиб бўлишди.

Югуриш бўйича 10 нафардан йигит ва қизлар ғолиб сифатида танлаб олинди.

Акция сўнгида иштирокчилар учун “Ўзбекконцерт” бирлашмаси томонидан мусиқий гулдаста ҳамда “Фаввора” рақс ансамблидан гўзал рақслар тақдим этилди. Айниқса, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари акс этган саҳна кўриниши томошабинлар ҳамда ҳайдовчиларни ҳушёрликка чорлади.

Марафон ғолиблари учун эсдалик совғалари топширилди. Бундан буён ҳар ойнинг учинчи жума куни “Автомобилсиз кун” акцияси  бўлиб ўтади.

Жаҳонгир МИРЗАМАТОВ

олган сурат.