Кучлар тенг келди

1 март куни Ўзбекистон ХХVII миллий чемпионати мусобақалари бошланди. “Нефтчи” Фарғонадаги “Истиқлол” марказий стадионида Қаршининг “Насаф” жамоасини қабул қилди.

Баҳс давомида иккала жамоа дарвозаси олдида хавфли вазиятлар вужудга келди. Айниқса, беллашувни бошқариб борган FIFA рефериси Равшан Эрматов томонидан белгиланган жарималар чоғида, афсуски, иккала томон ҳам бу имкониятлардан оқилона фойдалана олмади. Шиддатли ҳужумлар дарвозалар яқинида натижасиз тугайверди. Охирги  имкониятдан  фойдаланиш  мақсадида “Нефтчи” бош мураббийи  ярим ҳимоячи Аббос Махситалиев ўрнига таниқли ва тажрибали ҳужумчи Анвар Бердиевни майдонга  туширди. Лекин  бу ўзгариш  ҳам ўйин натижасини ўзгартира олмади.

– Жамоамизда Аваз Агалиев, Шукурали Пўлатов, Достон Турсунов сингари йигитлар бутун вужуди билан ҳаракат қилдилар, – дейди бош мураббий Сергей Ковшов. – Бунда  дарвозабонимиз  Абдумавлон  Абдужалиловнинг  ҳам ҳиссаси катта. Биринчи учрашувда тенг очкони қўлга киритдик.

“Истиқлол” стадионидаги биринчи учрашув тантанасини Ўзбекистон миллий Олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг вице-президенти Умид Аҳмаджонов очди. Қизиқарли баҳсни 23 ёшгача бўлган футболчиларимизни Хитойда Осиё чемпионига айлантириб, мамлакатимиз довруғини  жаҳонга  ёйган терма жамоа раҳбари Равшан Ҳайдаров, миллий  терма жамоа бош мураббийи  вазифасини  бажарувчи Темур Кападзе ва ота-бола Биродар Абдураимов, Азамат Абдураимов  каби  футболимиз афсоналари ҳам томоша қилдилар. Шуни алоҳида таъкидлаб  ўтиш лозимки, 20 минглик стадион мухлислар билан тўлиб-тошди.