Китобхонлик маданияти ва китоб мутолаасини ривожлантиришга муносиб хизмат

Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳудуддаги барча кутубхоналар учун методик марказгина бўлиб қолмай, республикадаги энг йирик ахборот-кутубхона марказларидан бири ҳисобланади.

Марказимиз узоқ йиллардан бери фарғоналиклар ва вилоятимиз меҳмонлари учун ахборот ва билим ойнаси бўлиб келмоқда. Кутубхона вилоятдаги ҳужжатлар фондининг энг йирик жамғармасига эга бўлиб, унда 350 мингдан ортиқ турли нашриётларда чоп этилган китоблар, журнал ва газеталар, хариталар, мусиқа ноталари, электрон дисклар мавжуд. Ҳар йили юздан ортиқ журнал ва газеталарга обуна бўлади, китоблар сотиб олади, марказ  ходимлари ўз электрон ресурсларини яратадилар.

Мазкур даргоҳнинг асосий ресурсларидан бири электрон каталог (қарийб 200 мингга яқин ёзувдан иборат) бўлиб, унда фондда сақланадиган барча китоб нашрлари акс эттирилган, унинг ёрдамида  нашрларни қидириш ва қўлга бериш жуда ҳам осонлашади. Маълумотлар базаси ташрифлар ва нашрларнинг берилишини рўйхатга олишда катта қулайлик яратади. Даврий нашрлар маълумотлар базаси охирги 10 йил ичида нашр этилган ҳар қандай мақолани, шунингдек, “Фарғона вилояти” маҳаллий маълумотлар базасини тезда топишга ёрдам беради. Китобхонларга Norma, Pravo, Lex.uz. EBSCO ва бошқа маълумотлар базаларига кириш учун рухсат берилади.

Интернет тизимида ахборот-кутубхона марказининг ferlibrary.uz. сайти фаолият кўрсатади.  Марказ сайти сифатли ахборот ресурсларидан, шу билан бирга маҳаллий ва янги интерактив хизматлар, масалан, виртуал маълумотлар хизмати, on-line буюртма ва масофадан туриб адабиётлар муддатини чўзиш, фойдаланувчиларни рўйхатга олиш, хужжатларни электрон этказиб бериш кабилардан  фойдаланиш имконини беради. Марказ ижтимоий тармоқларда “Эркин камера”, “Кутубхона менинг ҳаётимда”, “Ўқишни тавсия этамиз”, “Мен ўқишни севаман” каби лойиҳа ва акцияларни доимий равишда ўтказиб келмоқда.

Кутубхонага келган китобхонлар ишлаши, ўқиши ва бўш вақтларини ўтказишлари учун қулай шароитлар яратилган. Абонемент секторида китоблар очиқ фондда тақдим этилган бўлиб, китобларни фойдаланувчиларнинг ўзлари танлаб олишлари мумкин.

Биринчи қаватда “Ногиронлар муаммоси бўйича ахборот ресурслар пункти” фаолият юритиб келмоқда, унинг фондида 1500 дан ортиқ нашрлар, видеокассеталар, ўзбек ва ҳорижий тиллардаги китоблар мавжуд.

Ўтган йили республика ахборот-кутубхона маркази томонидан ташкил этилган “Энг яхши ахборот-кутубхона маркази” кўрик-танловида Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Марказнинг етакчи кутубхоначиси Диёра Дадажонова танловнинг “Ахборот-кутубхона марказининг энг яхши мутахассиси” номинацияси ғолиби бўлди.

Мазкур зиё маскани бугунги кунда халқимиз ва ёшларимизнинг маънавий-маърифий оламини бойитишга, улар ўртасида китобхонлик маданияти ва китоб мутолаасини ривожлантиришга муносиб хизмат қилмоқда.