Бюджетга қўшимча даромадлар захираси

Мамлакатимизни иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб қувватлаш ҳамда   давлат бюджети даромадларини янада мустаҳамлашда солиқ сиёсати алоҳида аҳамият касб этади.

Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 2 август куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган солиқ ва божхона ислоҳотларини ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон бу борада яна бир муҳим қадам бўлди.

Ушбу муҳим ҳужжат асосида Ўзбекистон Республикаси Бош  прокуратураси, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг  “Солиқ ислоҳотларини амалга ошириш ва бюджетга қўшимча даромадлар заҳираларини аниқлашга оид ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қўшма қарори имзоланди.

Унга мувофиқ  бюджетга қўшимча даромадлар заҳираларини аниқлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва барча туманларда ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Уларнинг энг асосий вазифаси эса шу мавзуга оид  белгиланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда кўзда тутилган солиқ сиёсатини амалга ошириш ва бюджетга қўшимча даромад манбаларини аниқлашга оид вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашдан иборат. Бундан ташқари, Фармонга мувофиқ, барча вилоят прокуратураларида солиқ ва божхона ислоҳотларини амалга ошириш соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат бўйича янги бўлимлар, туман-шаҳар  прокуратураларида эса  қўшимча ҳодим квоталари ажратилиб, тизимга жорий этилди.

Вилоятда ҳам бу борада изчил вазифалар белгиланиб, қарор ижросини таъминланишига доир бир қатор ишлар амалга оширилди. Биринчи навбатда, вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, вилоят солиқ бошқармасининг “Солиқ ислоҳотларини амалга ошириш ва бюджетга қўшимча даромадлар заҳираларини аниқлашга оид ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Қўшма қарори имзоланди. Унга мувофиқ  вилоят эксперт ишчи гуруҳи ҳамда 19 та туман ва шаҳарларда ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилиб, аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Халқчил қилиб айтганда, мамлакатимиз бюджет тизимини  такомиллаштириш ва даромадларини барқарор қилиш, аввало, солиқ сиёсатининг қандай олиб борилиши билан баҳоланади. Албатта, пенсия-нафақа, ижтимоий тўловлар, бюджетдан ойлик олувчиларнинг вақтида маош олишлари ҳам айнан мана шу сиёсат билан чамбарчас боғлиқ. Бу  тизимнинг мукаммал ишлаши эса, юқорида айтиб ўтилган фикрларнинг давомийлигини таъминлайди.

Вилоят прокуратураси айтиб ўтганимиздек, ташкил этилган ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари билан учрашиб, ишни муваффақиятли ташкил этиш юзасидан зарур кўрсатма ва таклифлар билан ўртоқлашмоқда. Масалан, Қўқон шаҳри, Данғара, Бувайда, Бағдод, Риштон туманларида бўлиб ўтган  учрашувларда ишни қандай ташкиллаш, самарадорликка эришишдаги эътибор берилиши зарур бўлган жиҳатлар, бу борада кўнгилли (волонтёр) фуқаролардан унумли фойдаланиш кабилар тушунтириб ўтилди.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан ҳамда вилоят солиқ бошқармаси билан ҳамкорликда солиқ базасини кенгайтириш ва тушум миқдорини кўпайтириш юзасидан ўтган бир ойлик муддат давомида ўтказилган тадбирлар ва хатловларда рўйхатдан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган 736 субъект аниқланиб, уларнинг фаолиятига қонуний тус берилди ва 130 миллион сўмдан ортиқ қўшимча солиқ ҳисобланиши таъминланди. Кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 1701 та турар ва нотурар объектлар аниқланиб, уларнинг барчаси давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланди. Қолаверса, ана шу объектларга жами 185,5 миллион сўм солиқ ҳисобланиб, 43,9 миллион сўми ундирилишига эришилди.

Амалга оширилган ишлар юзасидан бу каби рақамларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Яна рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, бозорлар ва савдо комплексларида рўйхатдан ўтмасдан савдо фаолияти билан шуғулланаётган 122 нафар шахслар аниқланди ва рўйхатдан ўтказилди. Солиқ идоралари ходимлари томонидан 2474 та тадбиркорлик субъектларида камерал назорат тадбирлари ўтказилиши натижасида 31 миллиард сўм солиқ ҳисобланишига ҳамда мана шу белгиланган маблағларнинг 11, 8 миллиард сўми  тушунтириш  ва тарғибот ишлари орқали  ундирилишига эришилди.

Бугунги кунга қадар вилоят прокуратураси органлари томонидан Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда янги солиққа тортиш тизимини бир маромда ўтишини таъминлаш мақсадида солиқ тўловчиларни солиқ қонунчилигига киритилаётган ўзгартиришлар бўйича ҳамда тўланган солиқларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳамиятини содда шаклда тушунтириш мақсадида жойларда 50 дан ортиқ давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ўтказилди.

Д.УМАРАЛИЕВ,

                                                                  вилоят прокурорининг ўринбосари.