Қонун талабини бажармаган мансабдор

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги “Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Мазкур қарор билан давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги ҳамда Давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходимларининг мартаба даражалари тўғрисидаги низомлар тасдиқланган.

Қарор билан тасдиқланган низомлар талабларига риоя этилишини назорат қилиш эса адлия органлари зиммасига юклатилган.

Жумладан, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш аҳволи адлия органлари томонидан доимий равишда мониторинг ва таҳлил қилиш йўли билан ўрганиб борилади.

Хусусан, Фарғона шаҳар адлия бўлими томонидан жорий йилнинг август ойи давомида шаҳардаги давлат идора ва ташкилотлари фаолиятида юридик хизматни ташкил этиш аҳволи ўрганилганида, айрим ташкилотларда улардаги юридик хизмати учун қонун ҳужжатларида белгиланган шарт ва шароитлар яратилмаганлиги ҳамда юридик хизмат фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарорига амал қилинмаётганлик ҳолатлари аниқланди.

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларни бартараф этиш, келгусида бу каби камчиликларга йўл қўймаслик ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш ҳамда хатога йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, бўлим ваколати доирасида вилоят бошқармаларига тақдимномалар киритилди.

Юқори турувчи идора раҳбарияти томонидан тақдимномада кўрсатилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, айбдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Шаҳар адлия бўлими томонидан мазкур йўналишда мониторинг ва таҳлил ишлари давом эттирилмоқда.

 Ф.НУГМАНОВ,

Фарғона шаҳар адлия бўлими бошлиғи

вазифасини бажарувчи.