Риштонлик йигит-қизлар учун муносиб шароит

Вилоятимизда “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида 219 та ёшлар меҳнат гузарларини қуриш режалаштирилган. 1 та Фарғона шахрида “Ёш тадбиркорлар коворкинг маркази” ва 7 та туманда “Ёшлар меҳнат гузари” ташкил этиш белгиланган бўлиб, ҳозирда бўш бино ва ер майдонлари хоким қарорлари билан бириктириб берилди.

Шунингдек, 19 та туман-шаҳарларда қўшимча 131 та “Ёшлар меҳнат гузари” ташкил этиш учун бино ва ер майдонлари ажратилиб, ташаббускор тадбиркорлар жалб қилинди. Айни пайтда 19 та туман-шаҳарларда 44 та “Ёшлар меҳнат гузари” ташкил этилган бўлиб, уларда савдо, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда 527 нафар ёшлар меҳнат қилмоқда.

Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш мақсадида 19 та шаҳар-туманда 19 та “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази учун ер майдони ва бино танланди.

Меҳнат гузарларини ташкил этишда туманларда шаклланган соҳаларга эътибор берилмоқда. Масалан, Бағдод туманида қандолатчилик, Бувайда туманида дурадгорлик, Марғилон, Қўқон шаҳарларида маиший хизмат кўрсатиш ва Риштон туманида кулолчилик йўналишларида жойларга меҳнат гузарлари очилмоқда.

Риштон туманидаги ёшларни иш билан таъминлаш, ёшлар ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда уларга шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури доирасида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Дастурни амалга ошириш мақсадида ёшлар итттифоқи Риштон туман Кенгаши қошида “Yoshlar — kelajagimiz” дастури штаби ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги ва вилоят прокуратураси томонидан 8 та ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, ҳар бирига мутасадди ташкилотлардан вакиллар бириктирилди.

Давлат дастурини Риштон туманида намуна сифатида татбиқ этиш бўйича вилоят штаби ҳамда вилоят ишчи гуруҳи тузилди. Шунингдек, уюшмаган ёшларни аниқлаш, уларнинг аниқ рўйхатини шакллантириш, ижтимоий, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож тоифаларини аниқлаш, улар билан манзилли тадбирлар ўтказиш бўйича тумандаги секторлар кесимида ишчи гуруҳлар тасдиқланди.

Дастурни амалга ошириш мақсадида вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши томонидан  11 банддан иборат қўшма режа ишлаб чиқилди.

Қуйи Чирчиқ туманида дастур намунавий этиб амалга оширилаётганлиги муносабати билан, вилоят прокуратураси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда Риштон туман Кенгаши ҳодимлари, Риштон туман ҳоким ўринбосари иштирокида жорий йилнинг 23 июнь куни  улар билан тажриба алмашилди.

Ушбу дастур доирасида тумандаги 68 та МФЙда истиқомат қилаётган 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида сўровномалар ўтказиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларини аниқлаш ва сўровнома натижаларига асосан манзилли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек ўрганишлар натижасига кўра тил ўрганиш истагида бўлган ёшлар сони 22 262 нафарни ташкил этиб, шундан 280 нафар ёшлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Риштон туман Кенгаши қошидаги ёшлар марказида ташкил этилган тил ўргатиш курсларига жалб этилди.

Риштон тумани, Уч ариқ МФЙда жойлашган тадбиркорларга қарашли бинода туманда намунавий “Ёшлар меҳнат гузари” ташкил этилиши режалаштирилган ва ҳозирда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу ерда “Ар-Рошидоний” ўқув маркази,чевархона,умумий овқатланиш шахобчаси қад ростлади. Ҳали ишлар ўз якунига етмаган бўлса-да, қатор ёшларнинг бандлиги  таъминланди.

Президентимизнинг ёшлар учун яратиб бераётган имкониятлардан унумли фойдаланяпмиз – дейди,”Ар-Рошидоний” ўқув маркази раҳбари  Ёрқинжон  Ниёзов. –Ўқув марказимиз 2016 йилда ташкил этилган. Бироқ бино талабларга жавоб бермас эди. Мазкур дастур орқали меҳнат гузарининг ташкил этилиши бинонинг қайта таъмирланишига йўл очди.  Марказимизда 7 та фандан, 9 нафар мутахассис ўқитувчилар дарс беришади. Абитуриентларимиз сони 350 нафарни ташкил қилиб, шундан 255 нафари талабалик бахтига сазовор бўлишди. Бу ҳам яхши шароитда олинган билимларнинг мевасидир. Бу йилги абитуриентлар сони эса ҳар қачонгидан юқори.

Жорий йил охирига қадар “ Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури асосида ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган 424 лойиҳа амалга оширилади ва 2842 нафар ёшлар иш билан таъминланиши режалаштирилган. Ёшлар учун яратилаётган бундай имкониятлар кўлами тобора кенгайиб бормоқда.