Барқарор ишлаш масъулияти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда вилоятда ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг  олдини олиш бўйича пухта чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ўз самарасини бермоқда.

Вилоятнинг ички ишлар бошқармасига бириктирилган секторида ҳам комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш даражасини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар янада жадаллаштирилди.

Вилоят ҳокимининг бу борадаги тегишли қарори билан вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманлари ихтисослашувини чуқур таҳлил қилган ҳолда Олтиариқ, Риштон, Бағдод, Бувайда ва Учкўприк туманлари вилоят ИИБ бошлиғига бириктирилди.

Бириктирилган ҳудудлар бўйича тузилган “Йўл харитаси”га мутаносиб равишда туман ҳокимларининг қарорлари асосида ҳар бир ҳудуднинг секторлар бўлинишида “Йўл хариталари” ишлаб чиқилди.

“Йўл харитаси”нинг 6 та йирик бўлимлари ва уларнинг таркибидаги 31 та кичик бўлимларида кўрсатиб ўтилган муаммолар, вазифалар мазмуни, ижро этиш тизими ва масъул ижрочиларнинг вазифаларини бирма-бир ўрганиб чиқиб, ҳар бир шаҳар, туман ҳудуди ҳам 4 тадан секторга бўлинган ҳолда, Президент фармонлари, қарор, фармойиш ва топшириқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини белгиланган муддатларда тўлақонли бажарилиши қатъий назоратга олинган.

Вилоят ИИБ бошлиғига бириктирилган ҳудуддаги ҳоким ва бошқарув органлари раҳбарлариниг жойлардаги муаммоларни ҳал этиш борасидаги масъулият ва жавобгарлиги оширилиб, ҳудудларда амалга оширилаётган ишларни тизимли мониторинг қилиш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этилишини таъминлаш мақсадида жойларда штаблар ташкил этилди.

Вилоят ИИБ бошлиғи ҳудуди бўйича тузилган “Йўл хариталари” чуқур таҳлиллар, аҳолини кундалик ҳаёти билан боғлиқ масалларни тўлиқ қамраб олган ҳолда, ҳар бир бариктирилган ҳудуднинг, маҳалла фуқаролар йиғинларининг ўзига хос ҳолатларини инобатга олиб ишчи гуруҳ ҳамда фаоллар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.

Ҳар ҳафта якуни бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг ижроси мухокама этилиб, долзарб вазифалар белгилаб олинмоқда. Айниқса, тадбиркорлик субъектларига яқиндан ёрдам кўрсатиш, фуқароларимизни ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жойларда аҳоли турмуш шароитини яхшилашга, шу билан бирга ичимлик суви, табиий газ, электр таъминоти ва бошқа коммунал соҳалар, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги энг муҳим масалаларни ўз вақтида ҳал этишга эътибор қаратилмоқда.

Жорий йилнинг шу даврига қадар секторга бириктирилган ҳудудлардаги хонадонларнинг 205808 таси  ўрганилди. Ўрганишлар натижасида 30354  та муаммо аниқланиб, ушбу муаммоларнинг 22206 таси ижобий ҳал қилинди ва 4207 таси “Йўл харитаси” дастурига киритилди.

Жумладан, ичимлик суви бўйича 1008 та, ички хўжалик йўллари бўйича 1304 та, электр таъминоти бўйича 1307 та, табиий газ бўйича 6729 та, кўмир етказиб бериш бўйича 968 та, соғлиқни сақлаш бўйича 3622 та, иш жойи билан таъминлаш бўйича 3925 та, бошқа турдаги муаммолар бўйича 9935 та муаммолар бартараф этилди.

Ишчи гуруҳлар томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан алоҳида ҳимояга муҳтож бўлган, кам таъминланган ва кўп болали оилаларга нафақа тайинлашда ижтимоий адолат принципига амал қилиниши ва ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши аҳволи мунтазам равишда ўрганиб борилмоқда.

Ишчи гуруҳ секторларга бўлиниб уйма-уй юриш орқали  маҳаллалардаги  эҳтиёжманд оилалар муаммоларини аниқлаш, улар тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базасини шакллантириш ва юритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу кунга қадар жами 5074 та эҳтиёжманд  оилалар  аниқланиб, уларнинг 4017 тасига манзилли ёрдам кўрсатилди. Шу жараёнда 12056 нафар ногиронлар ҳам аниқланди ва уларнинг 5069 нафарига манзилли кўмак берилди. 366 нафар имконияти чекланганларга ногиронлик аравачалари топширилди. Аҳоли хонадонларига бугунги кунда 21027 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Президентимизнинг 2018 йил 31 мартдаги “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бўйича ҳам секторда амалий ишлар олиб борилмоқда. Секторимизда 10 та қишлоқ Дастурга киритилган. Хусусан, Олтиариқ туманидаги Тинчлик, Полосон, Қапчуғой, Риштон туманидаги Хуррамобод ва Бўстон, Бағдод туманидаги Амиробод ва Истиқлол, Бувайда туманидаги Қўнғирот ва Беглар, Учкўприк туманидаги Тошкентлигузар ва Катта Кенагас маҳаллаларида бунёдкорлик ҳаракатлари кенг қулоч ёзган. Ушбу маҳалла фуқаролари йиғинларида 8476 та хонадонлар мавжуд бўлиб, улардаги аҳоли сони 42 499 нафарни ташкил қилади.

Мазкур дастурда белгиланган топшириқлар бажарилиши натижасида ҳудудда яшовчи аҳолининг турмуш даражаси бирмунча яхшиланишига эришилди. Ушбу ҳудудларга жами 88 та корхона ва ташкилотларнинг масъул раҳбарлари, 41 та лойиҳа ташкилотлари бириктирилди.

Белгилаб олинган ишларни амалга ошириш борасида намунавий лойиҳа асосида 1888 та хонадонда фасад ва том қисмларини таъмирлаш ишлари бажарилди. 5 та умумтаълим мактабининг ошхона ва иситиш тизими капитал таъмирланди. Мавжуд эҳтиёжлардан келиб чиқиб, 5 дона ГРП жорий таъмирланди. 18,1 км масофадаги электр тармоқлар таъмирланди, 570 та бетон устунлар янгитдан ўрнатилди, 52 та трансформатор, 17,5 км ичимлик суви тармоғи таъмирланди.  20,5 км ариқ ва15,8 км зовурлар ободонлаштирилди, 32 км масофадаги ички йўллар таъмирланиб, 1,.9 км кўчаларга асфальт ётқизилди.

Вилоятдаги тўрттала секторда ҳам ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича белгиланган тадбирлар изчиллик билан амалга ошириляпти. Бу ислоҳотларнинг барчаси юртимизнинг янада тараққий этиши, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши, юксак марраларимиз, муштарак мақсадларимиз рўёбига хизмат қилади.

Раҳматжон МАМАТОВ,

вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи.