Маҳалла – кичик ватан

Бағдод туманидаги 3200 дан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Бегобод қишлоғи қиёфаси  ишбилармон-тадбиркорларнинг саъй- ҳаракати билан кейинги йилларда  тубдан ўзгарди.

Бу ерда “Маҳалла гузари” ташкил этилиб, янги  иш ўринлари яратилди. Шу билан ўндан зиёд турдаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари фаолияти йўлга қўйилди.

Тадбиркор Фарҳоджон Салимов гузар ҳудудида озиқ-овқат дўкони, сартарошхона, қассобхонани ишга туширди. Ғофуржон Умаров эса арзон нархда қурилиш материаллари билан савдо қилувчи дўкон очди. Унинг ёнида музқаймоқ, салқинлантирувчи ичимликлар дўкони ҳам аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Адҳамжон ҳожи Сотволдиев, Абдурасул ҳожи Аҳмедов, Собир хожи Қосимов, Нўъмонжон ҳожи Чўянов ҳамда Равшанбек Умаров, Отабек Қодировларнинг бевосита ташкилотчилиги билан  ҳудуддаги 390 ўринли 51-сонли умумтаълим мактабини жорий таъмирлаб, янги ўқув йилига тайёрлашга амалий ёрдам берилди. Мактабга кираверишдаги эски бино бузилиб, ўрнига ҳашар йўли билан кутубхона, ошхона, ўқитувчилар учун овқатланиш ва дам олиш хоналари, қоровулхона қуриб битказилди.

Яқинда бу ерда ажойиб тадбир бўлиб ўтди. Биринчидан мактабда янги ўқув йили бошланган бўлса, шу ерда қурилиш-таъмирлаш ишларида фаоллик кўрсатиб, шу касбни танлаган 5 нафар ёшларга тажрибали усталар соҳада ҳалол ишлаб, эл-юрт хизматини қилиб, бири-биридан чиройли уйлар қуришларида оқ йўл тилаб, фотиҳа беришди.

Кейинги икки йил давомида маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кескин камайди. Бунда ҳудуд профилактика инспектори, лейтенант Шуҳратжон Абдураззақовнинг хизмати катта.

Навбатдаги “Профилактика куни”да профилактика инспекторининг ташаббуси билан маҳаллада яшовчи фуқароларнинг яшаш шароитлари, хонадонлар, ҳудудда ободонлаштириш ишлари ҳамда аҳолининг ер участкаларидан қай даражада фойдаланиб келаётгани ҳолати ўрганилди. Бундан ташқари маҳалладан узоқ муддатга ишлаш учун кетган ва қайтиб келган шахсларни назорат қилиш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишларни янада кучайтириш масаласи кўриб чиқилди.

Тинчлик ва осойишталик йўлида барча тадбирларни доимий равишда аҳиллик ва ҳамжиҳатликда амалга ошириш, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишларини бир зум бўлсин бўшаштирмаслик ҳудуд профилактика инспектори ва маҳалла фаолларининг доимий ишига айланган.

Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ.