Озодликни оғуга алмашди

Ҳозирги кунда наркобизнесда айланаётган пул маблағи дунё аҳолисининг озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой, таълим тизими ва тиббий хизматга сарфлаётган харажатларидан анча кўплиги ҳеч кимга сир эмас.

Энг ачинарлиси, гиёҳвандлик оғир ва ўта оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига сабаб бўлмоқда. Ушбу сабаблар, иллатлар ва уларнинг жамиятга етказадиган зарари тўғрисида кенг аҳолига қанчалик бонг уриб етказилмасин, афсуски орамизда, ушбу офатни истеъмол қиладиган ҳамда нафс балосига учраган шахслар ҳали-ҳамон учраб турибди.

1961 йилда Қувасой шаҳрида туғилган Сейдамет Гапаров шу вақтга қадар олти маротаба судланиб, тегишли жазоларни ўтаган. Афсуски, шунча хатолардан тўғри хулосага чиқармаган бу шахс яна жиноятга қўл урди.

С.Гапаров Қувасой шаҳар Мўян маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Темурхон Қорағоний” фермер хўжалиги дала майдонидаги ариқ четида ёввойи ва қуриган наша ўсимлиги шохларини  териб олишни асосий юмушга айлантирди. Уни ўз хонадонида қовуриб олгач бир қисмини истеъмол қилади. Қолган қисмини қуритиб, ундан марихуана тайёрлаб ўз хонадонида “заҳри қотил”ни сақлаб келади.

Қувасой шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбири орқали оғуга макон хонадон фош этилди. С.Гапаровнинг хонадони холислар иштирокида текширилганда ётоқхонадаги стол тагидан бир дона сковоротка ва бир дона ошхона қошиғида ўсимлик ёғида қовурилган, оғирлиги 23,04 грамм миқдордаги марихуана моддаси топилган. Оғирлиги 6,14 грамм худди шундай оғу мехмонхонадаги оқ сумкада ҳам сақлаб келинган.

Ашёвий далил тариқасида олинган гиёҳвандлик воситалари, гувоҳларнинг кўрсатмалари судланувчининг қилмишларини яна бир бор исботлаб берди. Жиноят ишлари бўйича Қувасой шаҳар суди ҳукми билан Сейдамет Гапаровга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Гиёҳвандлик ҳеч қачон инсониятга бахт олиб келмаган. Лекин буни тўла-тўкис тушуниб етмаган айрим шахслар “заҳри қотил”ни истеъмол қилиб ёки унинг қабих савдоси туфайли озодликни оғуга алмаштирмоқда. Қонун эса ҳеч қачон жиноятга йўл бермайди!

Ҳусанжон ХАЙДАРОВ,

Қувасой шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов

бўлими катта терговчиси, майор.