Вирусли гепатит касалликларининг олдини олайлик!

Халқ тилида “сариқ касаллиги” номи билан юритиладиган вирусли гепатит  – ўткир юқумли жигар хасталиги  кўпроқ тозаликка риоя қилмаслик оқибатида келиб чиқади.

Дунёда ҳар йили ўн миллионга яқин одам ушбу касалликка чалинади. Мутахассисларнинг фикрича, касалланишга мойил бўлган аҳоли гуруҳларининг тўпланиб қолиши натижасида ҳар 3-5 йилда авж олади. Ҳавонинг кескин ўзгаришлари, касалликнинг мавсумийлиги, табиатдаги ўзгаришлар бу юқумли касалликнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши учун қулай муҳит яратади.

Вирусли гепатит юқумли касаллик ҳисобланиб, асосан А, В, С, Д, Е турларига бўлинади. Вилоятимизда аҳоли ўртасида А,В,С вирусли гепатитлар қайд этилган бўлиб,  асосан вирусли гепатит А тури рўйхатга олинган.  Вирусли гепатит касаллигини қандай вирус чақиришидан қатъий назар, вируслар жигарни зарарлайди ва унинг ҳужайраларини емира бошлайди.

Вилоятимизда  вирусли гепатит касалликларининг олдини олиш бўйича бир қатор профилактик ва эпидемияга карши чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Вирусли гепатит А га карши профилактик эмлаш тадбирлари ҳозирги вактда Ўзбекистон Республикаси ССВнинг “Миллий эмлаш календари”га киритилмаган,  шу сабабли болаларни вирусли гепатит А турига қарши эмлаш эпидемиологик кўрсатмасига асосан ота-оналар, корхона, ташкилотларнинг ҳомийлиги ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган. Шу кунгача 45 мингдан ортиқ эмланганлар ўртасида вирусли гепатит касаллиги, оғир реакция ва асоратлар қайд этилмади.

Вирусли гепатит А га қарши эмлаш амалиёти натижаларига кўра нафақат вакцина олганлар вирусли гепатит А дан ҳимояланади, балки иммунитет таранглигининг орттиши натижасида, ташқи муҳитда вируслар айланиб юриши, ушбу ҳудудда унинг атрофидагиларнинг касалланиши хавфи камаяди. Эмлаш ишлари вакцинация марказлари томонидан амалга оширилади ва бу билан боғлиқ маълумотларни бирламчи даволаш профилактика муассасаларидан олиш мумкин.

Касалликдан сақланишнинг асосий йўлларидан бири эмлатишдир. У орқали болангизни хасталикдан асраган ҳолда, даволаш учун сарфланадиган моддий маблағларингизни ҳам тежаб қоласиз.

Вирусли гепатитга қарши курашда танани чиниқтириш муҳим роль ўйнайди. Жумладан, кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилиш, жисмоний тарбия, спорт билан шуғулланиш, тўғри овқатланиш, шахсий гигиена воситаларини индивидуал ишлатиш, бир маротабали тиббий анжомлардан фойдаланиш, қатъий кун тартибига амал қилиш жуда муҳим. Бу юқумли касалликнинг олдини олиш учун биринчи навбатда, соғлом турмуш тарзи ҳамда шахсий гигиена қоидала­рига риоя қи­лиш талаб этилади.

Демак, касалликни юқтирмаслик учун энг аввало шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш ва вирусли гепатит А га қарши эмлаш зарур. Ай­ниқ­са, ёш болалар ҳожатхонадан чиққандан сўнг, овқатланишдан ол­­дин қўл­ла­рини совунлаб ювишлари керак. Шу­нингдек, мева-сабзавотларни истеъ­мол қилишдан аввал албатта, то­за­лаб ювиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш ва сақлаш жараён­ларида сани­та­рия-гигиена қоидаларига риоя қи­лиш, қайна­тил­маган сув ич­мас­лик лозим.

Ҳар бир уй ва ҳовлини озода тутиш, ахлат ва чиқиндиларни ўз вақтида чиқариб ташлаш, ҳожатхоналарни дезинфекция қилиб туриш, пашшани барча воситалар билан қириш, озиқ-овқат маҳсулотларини ифлосланишдан сақлаш шарт.

А.ЯКУБОВ,

       вилоят ДСЭНМ бош шифокори.