Мамлакат чемпионати Фарғонада ўтказилди

Шу йилнинг 8 сентябрь куни Фарғона шаҳридаги “Амфитеатр” мажмуасида профессионал бокс бўйича Ўзбекистон чемпионати финал баҳслари бўлиб ўтди.

Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев, Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси раиси ўринбосари Владимир Шин сўзга чиқиб, кейинги йилларда вилоятимизда мазкур спорт турини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини мамнуният билан таъкидлашди.

Айтиб ўтилганидек, яқинда вилоятимизда профессионал боксга ихтисослашган “Али” клуби ўз фаолиятини бошлади. Фарғона вилояти профессинал бокс федерацияси фаолияти йилдан-йилга ривожланиб бормоқда.

Қувонарлиси, 5 та вазн тоифасида бўлиб ўтган ўтган муросасиз баҳсларда мезбон жамоа вакиллари ўз маҳоратларини намойиш этишди. Дастлаб 53 кг вазн тоифасида фарғоналик Умиджон Маликжонов бронза медалини қўлга киритди. Шу вазнда иажрибали боксчимиз Олимжон Назаров шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, Ўзбекистон чемпиони сифатида олтин медалга эга бўлди.

Фарғона вилояти вакили Акрамжон Мамажонов 66 кг вазн тоифасида финалда очколар ҳисобида мағлубиятга учраб, кумуш медалга муносиб кўрилди. 69 кг вазндаги боксчилар ўртасида тенгсиз – Акмалхон Жамолхонов Фарғона вилояти жамоаси ҳисобига яна битта олтин медални қўшиб қўйишга эришди.

Финал баҳсларининг сўнггиси 76 кг вазн тоифасида фарғоналик Муслимбек Олимов ва Хоразм вилояти вакили Ражапбой Отаназаров ўртасида ўтказилди. Биринчи раунднинг илк сонияларидаёқ рақибини нокаутга учратган Муслимбек вилоятимиз бокс мухлисларини яна бир олтин медал билан хушнуд этди.

Шу тариқа профессионал бокс бўйича Ўзбекистон чемпионатининг 5 вазн тоифасидаги дастлабки ғолиб ва совриндорлари аниқланди. Финал жанглари 6 раунддан иборат бўлиб, чемпион – 8 миллион, иккинчи ўрин соҳиби 4 ва учинчи ўринни қўлга киритган боксчилар 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритишди. Қолган 5 та вазн тоифасидаги финал жанглари жорий йилнинг 15 сентябрь куни Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган.

Суратларни Ш. ҚОРАБОЕВ олган.