Солиқ қонунчилиги такомиллаштирилади

Мамлакатимизда амалда бўлган солиқ – бюджет соҳасидаги мавжуд иш услуби бугунги кун талабларига қониқарли жавоб беролмай қолди.

Айниқса, ушбу соҳада мамлакатимиз миқёсида олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамасдан бюджетга тушумларни ошириш бўйича қўшимча манбаа ва заҳираларни аниқлаш, солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот – коммуникация  технологияларини  жорий этиш,  хорижнинг синалган  иш тажрибаси, солиқ қонунчилиги ва маъмуриятчилигига  илғор ютуқларни тадбиқ этиш ишлари талаб даражасида эмас.

Бу эса мамлакатимиз солиқ органлари  фаолиятини, яъни уларнинг солиқ тўловчилар ва давлат органлари билан  ўзаро ҳамкорлиги,  солиқ қарзларини ўз вақтида ундириш, солиқ назоратининг илғор, замонавий шакл ва усулларини соҳага тадбиқ этиш орқали янада такомиллаштиришни тақозо  этмоқда.

Жорий йилнинг 13 февраль куни Президентимиз томонидан  имзоланган “Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Фармойиш айни масалаларни ижобий ҳал этиш, солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш, бюджет тизими шаффофлиги даражасини юксалтиришга  қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Мазкур Фармойиш билан Ўзбекистон Республикаси солиқ Кодексининг янги таҳрири лойиҳасини тайёрлаш бўйича  Республика комиссияси таркиби, шунингдек, солиқ қонунчилиги ва маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳлар тузилди. Республика комиссиясига  биринчи босқичда – 2018 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон  Республикаси  солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш юзасидан концепция лойиҳасини  ишлаб чиқиш,  иккинчи босқичда – 2018 йил 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси солиқ Кодекси янги таҳрири лойиҳасини  тайёрлаш вазифаси белгилаб берилди.

Ушбу ҳужжат  келгусида самарали давлат солиқ сиёсатини амалга оширишга, солиққа тортиш ва солиқ маъмуриятчилиги масалаларини тартибга солишга хизмат қилади. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан икки хил талқин қилиниши мумкин бўлган нормаларни чиқариб ташлаш, тўғридан-тўғри амал қилувчи  нормаларни кўпайтирган ҳолда, солиқ қонунчилигини унификация  қилиш, солиққа тортиш тизимини  соддалаштириш ва такомиллаштириш имконини беради. Солиқ тўловчилар ҳуқуқларининг ҳимоясини кафолатлашга, солиқлар йиғилувчанлиги даражаси ошишига, давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларига  солиқ ва йиғимларнинг  тўлиқ ҳажмда тушишини таъминлашга, солиққа тортилишдан бўйин товлаш имкониятини  истисно қилишга қаратилган  муҳим қонун  ва бошқа қонун ости ҳужжатларни  қабул қилинишида ушбу Фармойиш аҳамияти катта.  Зеро, солиқ қонунчилигига амал қилиш белгиланган солиқ ва бошқа йиғимларни ўз вақтида тўғри ҳисоблаш ҳамда белгиланган муддатлардан кечиктирмай  бюджетга тўлаб бориш ҳар биримизнинг шарафли бурчимизга айланмоғи лозим.