Фармацевтика соҳасида янги ислоҳот

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими, шунингдек, фармацевтика соҳасидаги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Хусусан, тармоқни янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар мазмун моҳияти билан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, инсон саломатлигини яхшилашга қаратилган. Жорий йилнинг 23 январь куни Президентимизнинг “Дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқариш ҳамда олиб киришни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Мухбиримиз мазкур қарор шарҳи юзасидан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош провизори Орифжон Фозилов билан суҳбатлашди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 ноябрда “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5229-сонли Фармони эълон қилинган эди. Ушбу Фармонга мувофиқ, маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантириш, республикамизга дори воситаларини ва тиббиёт буюмлари олиб киришни янада тартибга солиш мақсадида Президентимиз томонидан 3489-сонли қарор қабул қилиндики, бу ўз навбатида замонавий тиббиёт инфратузилмасини яратиш, аҳолини сифатли дори-дармон воситалари  ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Қарорда белгиланганидек, дори воситалари ёки тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш учун мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида қадоқлаш, истеъмол ўрами ва маркировка қилишдан ташқари барча технологик босқичлардан ўтган ҳар қандай қадоқланмаган дори воситаси ёки тиббиёт буюми «in bulk» маҳсулот деб эътироф этилади.

Шунингдек, маркировка қилиш ва ўрашдан ташқари корхонанинг ўзи томонидан барча ёки алоҳида бутловчи ва технологик қисмларни ишлаб чиқариш ёхуд маркировка қилиш ва ўрашдан ташқари бутловчи ва технологик қисмларни, шу жумладан импорт қилинаётганларни йиғиш йўли билан ишлаб чиқариш ташкил этилган ҳолларда тиббиёт техникаси маҳаллий ишлаб чиқариш маҳсулоти деб эътироф этилади.

Бугунги кунда вилоятимизнинг Учкўприк туманида  “Зиннур сервис фарм” МЧЖда  2016-2018 йиллар давомида таблетка кўринишидаги 4 турдаги дори воситалари — “спиронолактон”, “индапамид”, “нормадипин”, “пиразинамид” ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш белгиланган.

Хитойнинг “Нинбо” компанияси томонидан 152,5 минг. АҚШ доллари ҳисобига мазкур дориларни ишлаб чиқариш дастгоҳлари ўрнатилди. Ҳозирги кунда хориждан “in bulk” маҳсулоти асосида  “парацетамол” таблеткаси қадоқланиб вилоят аҳолисини таъминламоқда.

Қўқон шаҳридаги “Мед инвест фарм” МЧЖда  гален препаратлари яъни йод, этил спирти, меновазин, борлик спирт ва бошқалар ишлаб чиқариш  лойиҳаси ишга туширилган.

Бешариқ тумани Рапқон  ҚФЙ худудида жойлашган  “Бешариқ момиқ файз”  МЧЖ да  умумий суммаси  150 000 АҚШ долларда бўлган турли грамм ўрамларида тиббиёт пахтаси ишлаб чиқариш ва қадоқлаш линияси ишга туширилди.

“Дармон файз фарм” масъулияти чекланган жамият томонидан режадаги ишлаб чиқарадиган дори воситаларини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида рўйхатдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

«TOP VICTORY” масъулияти чекланган жамият корхонасида  биологик фаол компонентлар ва доривор ўсимликларни қадоқлаш, биологик фаол компонентлар препаратларини ишлаб чикариш лойиҳаси амалга оширилади. “Узфармсаноат” ДАК билан шартнома асосида 2 тонна магния В-6, субстанция ва ёрдамчи воситаларини экслюзив йули билан харид қилиш режалаштирган.

Лойиҳани амалга ошириш  учун мавжуд талаблар асосида хужжатлар тўплами расмийлаштириб, имтиёзли шартлар билан ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасидан ортиқ бўлмаган ставка бўйича кредитлар ажратилиши таклиф этилди.

Корхонада бугунги кунда  “иодафер” капсуласи ишлаб чиқарилиб аҳоли эхтиёжи кондирилмоқда.

“Меҳригиё” хусусий корхонаси  49 хил биологик  фаол компонентлар  тайёрлашда республикамизда етакчи ўринда туради. Корхона 2016 йилнинг 12-15 сентябр кунлари Москва шахрида ўтказилган  “World Food 2016” халқаро кўргазмаcида биологик жиҳатдан таъсирчан озиқ-овқат қўшимчалари ғолиби бўлиб олтин медал билан тақдирланди.

Президентимиз қабул қилган қарор том маънода юқорида номлари кўрсатиб ўтилган  корхоналар фаолиятини жадаллаштириш, фармацевтика маҳсулотларининг рақобатбардошлигини таъминлаш, шу билан бирга тармоқда юқори технологик жараёнларни тезлашишига имкон яратади. Вилоятимизда дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқарувчилар салоҳиятини юксалтиради.

Қарор маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ва юртимизда маҳаллий дори воситалари ва тиббий буюмларни бошқа давлатларга боғлиқ бўлмаган ҳолда эркин ишлаб чиқаришни ташкил қилишда ва аҳолини арзон, сифатли ва рақобатбардош фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим асос бўлади.

Таъкидлаш муҳимки, Президентимизнинг ушбу қарори мазкур масалалар билан боғлиқ бўлган бир қатор муаммоларни бартараф этишга қаратилган асосий дастуриламал дейиш мумкин. Сабаби, ушбу меъёрий ҳужжатда белгиланган вазифалар ижроси таъминланиши натижасида ишлаб чиқарувчиларга берилаётган имтиёзларни ҳаққоний белгилаш амалиёти жорий этилади. Шунингдек, олиб кирилаётган маҳсулотларни мамлакатимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйиладиган бўлса, солиқ тўловларига оид белгиланган имтиёзлар сақлаб қолинмайди. Тўғри, ишлаб чиқаришни тўлиқ маҳаллийлаштиришга доир барча масалаларни қисқа фурсатда ҳал қилишнинг имкони йўқдир. Шундай бўлсада, эндиги фаолиятларимиз самараси ана шу эзгу мақсадга сафарбар этилади. Қолаверса, яна бир муҳим масала соҳа тараққиётида долзарб аҳамият касб этувчи фармацевтика саноатини ривожлантиришни мувофиқлаштиришга хизмат қилувчи агентликнинг ташкил қилинганлигидир. Эътиборлиси шундаки, илмий-тадқиқот институтлари, соҳани ривожлантирувчи ҳамда сифатни назорат қилувчи бўлимлар мазкур агентликнинг таркибига киритилди. Бу эса ушбу фаолиятларнинг режали асосда амалга оширилишини таъминлайди. Бундан ташқари, қарорда келтириб ўтилган масалаларни амалиётга жорий этишда  жаҳон тажрибаси ҳам чуқур эътиборга олинади, албатта.

Мазкур ислоҳотлар  кўп йиллардан бери аҳолининг эътирозига сабаб бўлиб келаётган дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар нарх-навоси билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш йўлларини кенгайтиради. Энг асосийси, излаганда имкон топиш, яъни зарурий дори воситаларини мамлакатимизнинг барча ҳудудларида оммабоп нархларда харид қилишга замин яратади. Шу масалаларни инобатга олганда қарорда белгиланган вазифалар бугунги амалиётимизга жуда зарур ва уларнинг ижросини таъминлашга имкониятларимиз етарли, деб айта оламиз. Ўз ўрнида ушбу фаолиятлар биринчи навбатда маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналаримизда янги инновацион ғоялар ва технологияларнинг яратилиши, мамлакатимиз фармсаноатининг ривожини такомиллаштириш, энг муҳими аҳоли манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.

Халқимиз саломатлигини асраш, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фармсаноат имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бугунги ислоҳотлар келгусида, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради. Зеро, мамлакат тараққиёти, унинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашда аҳолининг саломатлик даражаси ҳамда  соғлиқни сақлаш тизимининг ривожи муҳим мезондир.