Навқирон авлод истиқболига масъулмиз

Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбийлари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Жумладан, Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижросини таъминлашдаги чора-тадбирлар ҳарбийлар томонидан ҳам уюшқоқлик билан ташкил этиляпти.

Олтиариқ туманининг Бўрбонлиқ маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган “Ёшлар бизнинг – келажагимиз” номли тадбир ҳам шу мавзуга қаратилди. Уюшмаган ёшларни ишга жойлаштириш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ўғил-қизларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш мақсадида ташкилланган тадбирда маҳалла ёшлари, туман ҳокимлиги вакиллари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбирда ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисм командири ўринбосари, подполковник К.Мирзааҳмедов сўзга чиқиб, чегара муҳофазаси бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳақида атрофлича маълумот берди. Ватанимиз суверенитетини мустаҳкамлашда ҳарбий соҳа тараққиётининг ўрни ҳақида тўхталди. Сарҳадларимиз дахлсизлигини асраш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини, чегарани бузиб ўтиш жазосиз қолмаслигини атрофлича мисоллар билан изоҳлади.

Тадбирда ёшларнинг бир қатор таклиф ва мулоҳазалари ўрганилди.

Тадбирнинг бадиий қисмида кўнгилочар чиқишлар, куй-қўшиқлар ижро этилди.

       Нурали НАЗИРОВ.