Суд раислари ахборот берди

Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилингани соҳадаги ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди.

Ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида яқинда вилоятдаги жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судлар, маъмурий ва иқтисодий судлар раислари томонидан брифинг ташкил этилди. Унда суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ҳолат ҳамда жорий йил биринчи ярмида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Тадбирда соҳа вакиллари ва журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришишда юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Брифингда қайд этилганидек, жорий йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судлари томонидан 2 минг 567 нафар шахсга нисбатан 1 минг 960 та жиноят иши кўриб чиқилган. Судлар томонидан 2 минг 13 нафар шахсга нисбатан жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган. 547 нафар шахсга нисбатан 512 та жиноят иши тугатилган. Шундан 495 нафар шахсга оид жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатилган. 15 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган. Яна бир эътиборли жиҳати шуки, изчил чора-тадбирлар тйфайли вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, товламачилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғирлик, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, транспорт воситаларини олиб қочиш, ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузиш ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар учун судланганлар сони камайди.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят судлари томонидан ҳам ўтган даврда  13 минг 330 фуқаролик ишлари кўриб чиқилди. Маъмурий судлар томонидан эса 15 минг 934 нафар шахсга нисбатан 13 минг 41 маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилиб, шундан 9 минг 359 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўлланилди. 4 минг 629 нафар шахсга нисбатан ишлар ҳаракатдан тугатилган.

Иқтисодий судлар томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат тузилмаларининг ноқонуний аралашувини янада чеклаш бўйича қонуний чораларни кучайтириш, одил судлов сифатини янада ошириш йўли билан уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини тўлиқ таъминлаш борасида муайян ишлар қилинди. Вилоят иқтисодий суди ва туманлараро иқтисодий судлар томонидан ўтган даврда 17 минг 267 та иш кўриб чиқилди. Низоли ишларнинг 76,2 фоизи сайёр суд мажлисларида муҳокама қилинди.

Ўтказилган брифинг одил судловни амалга оширишдаги чора-тадбирлардан аҳолини хабардор қилишда муҳим аҳамият касб этди. Келгусида ҳам судлар ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорлик бардавом бўлиши таъкидланди.

Маҳкамжон АБДУБАННАБОВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят судининг

судья катта ёрдамчиси.