Солиқ концепсияси:

Мамлакатимиз иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш, қулай ишбилармонлик муҳити яратиш ва тадбиркорлик фаолияти ривожланишини кенг қўллаб-қуватлаш бугунги кунда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг энг устувор йўналишлари сирасига киритилган. Бу жараёнда кейинги йилларда мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилаётгани эътиборга сазовордир.

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони мазкур жабҳадаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан катта аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, шу билан бирга солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш орқали солиқ юкини камайтиришни назарда тутади. Концепцияга асосан 2019 йил 1 январдан меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига солиқ юкламаси, барча жисмоний шахслар даромадларига 12 фоизлик ягона солиқ ставкаси жорий этилиши орқали пасайтирилади. Кичик тадбиркорлик учун ягона ижтимоий тўлов ставкаси 15 фоиздан 12 фоизгача туширилади. Юридик шахслар айланма маблағларидан ундириладиган давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар бекор қилинади, юридик шахслар фойдасига солиқ ставкаси 14 фоиздан 12 фоизгача камайтирилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун солиққа тортилмайдиган энг кам миқдор эса энг кам иш ҳақининг 4 баравари миқдорида сақланиб қолинмоқда. Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига 8 фоизлик суғурта бадали эса олиб ташланмоқда. Дастлабки ҳисоб китобларга кўра, биргина ушбу ўзгаришлар натижасида вилоят бўйича аҳоли реал даромадлари 371 млрд сўмга ошиши таъминланади.

Шу маънода мазкур концепциянинг нафақат солиқ соҳаси, балки иқтисодий-ижтимоий ҳаётимизнинг барча жабҳасига таъсири катта эканлигини унутмаслик зарур.

Бу ҳуқуқий ҳужжат нафақат ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолатлар, шунингдек, ишга олиш, маош тўлаш, пул айланмаларига дахлдор муаммоларни бартараф этиш имконини беради. Солиқ ставкалари ўта баландлиги ҳамда улар ишловчи ходимлар сонига боғлиқлиги учун кичик бизнес секторининг яширин бўлиб келаётган даромад манбаалари шаффофлиги таъминланади. Боиси янги тартибга мувофиқ, энди кичик бизнес унинг ходимлари сонига қараб эмас, балки йиллик айланмаси 1 миллиард сўмга етмаган субъектлар киритилиши орқали белгиланади. Ўз навбатида кичик бизнес қатламига кирувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳуқуқий мақоми ҳам аниқ белгиланиб, ушбу секторга бир қатор имтиёз ва енгилликлар ҳамда соҳанинг ҳозирги ривожланиш жараёнини сақлаб қолишга жиддий эътибор қаратилди. Умумбелгиланган ҳамда соддалаштирилган солиқ тизимида фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги солиқ тўловлари тавофутларини  бирхиллаштириш, солиқ ва бошқа тўловларни ҳисоблаб чиқариш механизмини соддалаштириш мақсадида даромад солиғи, фойдадан олинадиган солиқлар миқдорлари камайтирилиши кўзда тутилди.

Бу концепциядан кўзланган асосий мақсад –соғлом ва ҳалол рақобат муҳитини яратиш, солиқ қонунчилиги барқарорлиги ва соддалаштирилишини таъминлаш, мамлакатимизнинг инвестициявий салоҳияти ва жозибадорлигини ошириш ҳамда солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш каби эзгу ташаббусларни рўёбга чиқаради.

Айни соҳада олиб борилган ўрганишлар шу пайтгача солиқ тизимида кўплаб ечимини кутаётган муаммолар мавжуд эканлигини кўрсатди. Ҳусусан, умумий солиқ тўловчилар учун солиқ юкининг баландлиги қўшилган қиймат солиғининг оширилган ставкаси ва самарасиз тизими, самарасиз бошқарув туфайли маҳаллий солиқлар ва йиғимлар йиғишининг сустлиги, кўчмас мулк ҳамда ер участкалари ҳисобининг тўлиқ юритилмаганлиги ва ҳоказо. Янги қоида бўйича эса ҳар бир солиқ тўловчининг қанча солиқ тўлаши аниқ белгилаб қўйилди, қўшимча турли солиқ ва йиғимлар бекор қилинди. Ундаги қоида ва тартиблар ҳамма учун аниқ, бир хил, турлича талқин этилмайдиган ва ўзгармайдиган бўлиши таъминланади. Шу тариқа концепцияда барқарорлик, аниқлик ва халқчиллик таъминланишига эришилади.

Концепция бир неча ойлар мобайнида кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, тизимдаги энг ёмон иллатларга барҳам берилди. Концепция иқтисодиётимиз барқарорлигининг энг муҳим омили бўлиб хизмат қилишини инобатга олиб, бир қатор долзарб вазифалар белгиланди. Президентимиз фармонига кўра, энг аввало, жорий йил охирига қадар халқаро андозаларга жавоб берадиган солиқ кодекси ишлаб чиқилиши ва амалиётга киритилиши белгилаб берилди. Ҳар бир солиқ тўловчи учун енгил, содда ҳисобот турлари ҳамда уларни автоматик равишда тўлдириш учун қулайликлар яратиш вазифаси топширилди. Фармон билан белгиланган солиқ тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини ҳисобга олган ҳолда 2019-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Мазкур ҳужжат ҳудудлар иқтисодиётини тубдан ўзгартириш, маҳаллий бюджетларга тушумларни кўпайтириш, маблағлардан тўғри ва самарали фойдаланиш имкониятини яратади.

Ҳозирги кунда солиқ идоралари ходимлари томонидан вилоятимизнинг барча ҳудудларида концепциянинг мазмун-моҳияти бўйича кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси муштарак мақсадларимиз бўлган халқимизнинг даромади кўпайиши, тадбиркорлик субъектлари фаолияти ривожланиши, иқтисодиётимиз мустаҳкамланиши ва барқарорлигига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

 

Хамиджон ХАБИБИДИНОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи.