“Йўл харитаси” нима?

Давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. “Йўл харитаси” тўртта секторда кенг қўлланилиши кўзда тутилган. Унда белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда ҳокимлик, ички ишлар, адвокатура ва бошқа мутасадди идоралар раҳбар ва масъул ходимларининг ҳафтада камида икки маротаба халқ билан мулоқотлари йўлга қўйилди. 5 та йўналиш, 29 бандни ўз ичига олган “йўл харитаси”нинг дастлабки бўлими “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг  самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий  ҳайтидаги роли ва фаоллигини ошириш” деб номланади.

Нодавлат ва давлат шерикчилиги  асосида мактабгача таълим муассасаларини ташкил этилишини ривожлантириш  йўналиши ҳам “йўл харитаси” даги муҳим топшириқларни қамраб олади. Шунингдек, фармацевтика  саноатини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида вилоятимизда “йўл харитаси” тузилди.

“Йўл харитаси” сўзи кенг доирада, биринчи навбатда, расмий манбаларда қўлланилмоқда. “Йўл харитаси” тўғридан-тўғри ва сўзма-сўз маънода йўл атласи, унда географик назорат пунктлари бирлаштирилади. Шунингдек, йўл харитаси  йўналиш маъносида ҳам ишлатилади– унда юк ёки одамларни бошланғич пунктдан (манзилдан) пировард пунктгача  бўлган  йўлда ҳаракатланиши кўрсатилиши ҳам мумкин. Бироқ, “йўл харитаси” ибораси тамомила бошқа маънода ҳам қўлланилади. Технологик йўл харитаси ҳам мавжуд–бир маҳсулотни ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчиларга етказиб бериш ғоясини ўзида ифода қилиши мумкин.

“Йўл харитаси” деб номланган  режа–бу мақсад қилиб қўйилган қандайдир бир ҳолатга ҳаракатланиш бўйича тадбирлар режасидир. Бу нарсани конкрет соҳага нисбатан, масалан, бизнесга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Бугунги кунда бизнеснинг яхши ривожлантиришни режалаштириш ва прогнозлаш корхоналар учун ҳаёт-мамот масаласига айланди. Бизнесда прогнозлаштиришни  янги  усули–технологик  йўл  харитасини тузиш бўлиб, у бу муаммони ҳал қилишга  қаратилган.  Йўл  харитаси  тўғрисида гапириш осон, лекин уни амалга ошириш қийин иш.

“Йўл харитаси”ни афзаллиги шунданки, уни деярли ҳамма ерда қўллаш мумкин– алоҳида маҳсулотни олға суришдан тортиб, бутун давлат миқёсида технологик йўл харитаси тузишгача.  Бундан ташқари йўлни хариталаштириш бутун корхона ишини яхлит ҳолда ёки уни фаолиятини айрим йўналишини қамраб олади.

Уни тузишда турли йўналишдаги мутахассислар – иқтисодчилар, социологлар, маркетологлар, олимлар, дастурчилар жалб қилиниши мумкин. Ишчи гуруҳнинг катта-кичиклиги ва бунинг оқибатида харитада  мужассамлаштирилган  масалалар тўғридан-тўғри олдинга қўйилган мақсадга боғлиқ. Маълум бир маҳсулот учун харита тузишда кам уриниш бўлса, давлат йўл харитасини тузишда бутун бир, баъзида бир нечта илмий-тадқиқот  институтини ишидир. Ҳар қандай  ҳолатда ҳам технологик  харита– бу яқин даврда ва узоқ муддатда мураккаб  вазифаларни ҳал қилишга қодир бўлган бизнесни ривожлантиришга жиддий ёрдам демакдир.

“Йўл харитаси”нинг ўз вақтида сифатли ва тўлиқ амалга оширилиши учун шахсан жавобгар ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари белгиланган, демак, уни амалга оширишда сусткашлик, лоқайдлик кечирилмайди. Юклатилган вазифалар ижросининг бузилишига йўл қўймаслик- бугуннинг талабидир.

 

З.ТОЖИБОЕВ,

ФарДУ доценти.