Шарқ ҳикоят ва ривоятлари

2015 йилда “Sharq” нашриёти томонидан чоп этилган “Шарқ ҳикоят ва ривоятлари” китобига Шарқ халқлари оғзаки ижоди ва мумтоз адабиётидаги энг ажойиб, пайғамбарлар, авлиёлар, буюк тарихий шахслар, улуғ донишмандлар, мутафаккир олим ва адиблар, халқ қаҳрамонлари ҳаёти билан боғлиқ энг машҳур, ислом маьрифати ва тасаввуф ҳақиқатидан баҳс этувчи энг ибратли ҳикоят ва ривоятлар жамланган.

Унга филология фанлари номзоди Эргаш Очилов сўзбоши ёзган. Олимнинг изоҳлашича, бирор-бир илмий тасниф даъвоси қилинмаган ҳолда, ҳикоят ва ривоятларни сидирғасига келтириш ўқувчиларни зериктириб қўймасин, деган мақсадда китоб мавзу ва йўналишига кўра 10 бобга ажратилган. “Ислом олами ривоятлари”, “Авлиёлар ҳикмати”, “Фозиллар фасоҳати”, “Ҳукмдорлар ҳақида ривоятлар”, “Ҳакимлар ҳикояти”, “Ибрат мактаби”, “Мажоз  қатидаги ҳақиқат”, “Латиф лутфлар” каби боблар шулар жумласидандир. Китобни мутолаа қилар экансиз, ундан ўрин олган ҳикматли сўз ва ривоятларда яхшилик, ота-онага ҳурмат, дўстлик, инсоф, адолат, мардлик сингари фазилатлар улуғлангани, нобакорлик, хиёнат, манманлик, дангасалик, ёлғончилик, лоқайдлик сингари иллатлар қораланганига гувоҳ бўласиз.

Ўйлаймизки, ҳар бири ибрат кўзгуси ва ҳикмат хазинаси бўлган,  халқ донишмандлигини ўзида мужассам этган, забардаст олим ва адибларимиз тафаккури ва ҳаётий кузатишларининг маҳсули ҳисобланган, асрлар давомида тилдан-тилга ўтиб сайқал топган бу ҳикоят ва ривоятлар, нақл ва пандномалар тўплами китоб жавонингизнинг муносиб жавоҳирига айланади.

Наргиза МАДАМИНОВА.