Қалбимизни эътиқод нури ёритсин

Бундан уч-тўрт йил аввал зиёли аёлларимиздан бири сиз ҳам бизнинг сафимизга қўшилсангиз яхши бўларди, деб қолди. Ҳалиям сафингизда турибман-ку десам, у йўқ бизнинг пиримиз зиёратига борувчиларга қўшилиб, у кишининг маслаҳатларига амал қилсангиз илоҳий дастурни қўлга киритардингиз деди. Бу таклифни ўрганиб кўрсам аёл билибми билмайми тариқатни даво қилган бир бенавони пир тутган экан. Ҳатто ибодатини ҳам “пири” яшайдиган уйга қараб адо этаркан. Ўша кимсанинг кўрсатмаларига амал қиламан деб, эътиқодидан адашди, касби-коридан айрилди. Анча пайтгача боши берк кўчаларда сарсон бўлди. Афсуски баъзи эркак ва аёлларимизнинг рисоладагидек оиласи, касби-кори бўлатуриб,  сохта тариқатчиларнинг ёлғонларига алданиб, тўғри йўлдан тойиб,  алал-оқибат фикри кўр, мутаассиб, бидъатларга берилган кимсаларга айланиб қолганликлари  қалбимизни чуқур изтиробга солади.

Яқинда интернет саҳифаларида бир гуруҳ эркакларнинг тўпланиб  бақир-чақир қилиб “жаҳр” тушаётган видео лавҳаси тарқалиб кетди. Улар тушунуксиз тилда, алмойи-жалмойи гаплар айтиб, ножойиз ҳаракатлар билан жазавага тушишарди. Бу қандай бедодлик ва шармандалик бўлди-а? Ислом дини ҳеч қачон бундай мавҳум, беъмани ҳатти-ҳаракатларни ибодат сифатида қабул қилмаган ва тариқат ва тасаввуф олимлари бундай кўринишларни кескин қоралаганлар.

Ёки тарих саҳифаларини бир варақлаб кўрайлик. Ҳеч бир замонда  аждодларимиз динда шундай янглиш кетишганми?  Яқин ўтмишга, ота-боболаримиз, момоларимизнинг камтарона, ибратли  ҳаётларига назар солайлик. Улар бидъатларга шўнғиб кетмаганлар. Юмушлари  ибодатлари билан ҳамоҳанг кечган. Меҳнатда қабарган қўлларини дуога очарканлар,  дуоларидан эл кўкарган. Улар исломнинг энг мўътадил, маърифий йўналиши Имоми Аъзам мазҳабига қатъий амал қилган ҳолда шариат ҳукмларини бажарганлар.  Ҳалол луқма, сабр-қаноат билан рўзғорга барака олиб киришган. Оддий бўлса ҳам тоза кийим-бошлари  кўрк бағишлаб турган.

Хўш бугунчи? Кимдир тариқатдаман дея оиласи, бола-чақасини тарк этиб сохта кароматгўйнинг  хонадонида қорин тўйғазиб юрибди. Яна кимдир “муслима” лик даъвосида бошдан-оёқ қоп-қора либосга ўраниб олиб фитна қўзғатишга уринмоқда.

Юртимизда диний-маърифий ислоҳотларда янги ўзгаришлар рўй берди. Республикамиз вилоятларида илмий-татқиқот марказлари, ҳадис, фиқҳ мактаблари очилди.  Қуръон мусобақалари, ҳадис илми бўйича кўрик-танловлар ўтказилди. Маърифат ва маданият телеканали орқали  диний-маърифий мавзуда кўрсатувлар йўлга қўйилди. Зеро, бундан мақсад халқимизга ислом дини маънавий етукликни, маърифатни, адолатни, бошқа динларга нисбатан толерантликни, сабр-тоқат, шукроналикни тарғиб этувчи дин эканлигини тушунтиришдан иборатдир. Бу менинг диний эркинлигим экан дея  ўзи ҳоҳлаган бидъатга, сохта тариқатларга эргашиб юриш дегани эмас.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳакамаси ҳузуридаги  Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида чоп этилиб китобхонларга тақдим этилган диний адабиётларни мутолаа қилиш жараёнида шу нарсага амин бўлдикки дин  осонликдан иборат, унинг барча таклифлари осон  экан. Лекин исломнинг осонлигидан кўнгли тўлмасдан, уни ўзи учун қийинлаштиришга уринганлар хато қиладилар. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в) “Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. (Бухорий ривояти.) Яъни динда чуқур кетиб бўлмағур бидъатларни унга киргизиб, бошқаларни ҳам ундайдиган бўлса ҳалокатга юз тутади.

Зеро, Яратганнинг ўзи одамзодга тоқатидан ташқари ишни таклиф қилмайди.  Пайғамбаримиз (с.а.в) даврларида Макка масжидларидан бирида икки устунга ип тортиб қўйилганига кўзлари тушади. Шунда бунинг нимага ишора эканлигини сўрайдилар. Бу ип фалончи аёлга тегишли экани, у шундай кўп ибодат қилар эканки, ўрнидан туролмай қолса, ана шу ипга осилиб ибодатини давом эттиришини айтишади. Яхшилик сарвари бундан ғазабландилар ва ипни уздириб ташладилар.

Бундан англаш мумкинки диннинг ҳам ўзига хос чегараси бўлади. Айтайлик ҳаж сафари барча мўмин-мусулмонлар учун фарз қилинган. Аммо тоқати етадиган яъни моддий имконияти бўлган, соғлиғи кўтарадиганларгагина ҳаж қилмоқ бурчдир. Бунга имкони бўлмаганларга узрлидир.

Ислом инсонни эътиқод ва тасаввуфда, тафаккур ва ҳис туйғуда ўрта, адолатли, мўътадил бўлишга тарғиб қилади. Исломда молу пул сарфлашда ҳам мўътадил бўлиш йўлга қўйилган.

Ана шундай мўътадилликлардан четлашиш фитнадир.Шу боис Ислом оламида мўмин-мусулмонлар доимо раҳбарлари бошчилигида, уламолар иштирокида қарорлар қабул қилганлар. Ҳар ким  дин номидан ўз билганини қилавермаган. Ўзбошимчалик оқибатида ўтган йилларда не-не оилалар бошига тушган мусибатларни эсга олайлик. Диний-экстремистик оқимга мансуб кимсалар қилмишлари билан  ота-оналарини ҳам юзларини ерга қаратдилар, алам-изтиробга солдилар.  Нотўғри диний тушунчада қолиб ёш умрларини хазон қилганлар ҳам бўлди. Бугунги кунда махсус рўйхатдан чиқарилган фуқароларга ҳар томонлама эътибор кучайган. Уларнинг ўтган кунлари  бошқаларга ибрат бўлиши керак. Эътибор ва рағбатнинг жавобини фақат ва фақат яхшилик билан қайтарайлик.