Тафаккур қаноти

Айни пайтда, ахборот-коммуникация соҳасидаги охирги ютуқларни ўзлаштириш билан бирга, ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини оширишга, улар китоб билан дўст бўлишига, аҳолининг китобхонлик савиясини янада оширишга алоҳида эьтибор қаратиш лозим бўлади.

Шавкат Мирзиёев.

Ахборот-коммуникация соҳаси шиддат билан ўсиб бораётган бир даврда китобхонлик савияси ва ёшларнинг китобга бўлган қизиқишларини ошириш анчайин мураккаблашди.

Эндиликда ҳаётимизни электрон қурилма ва технологияларсиз тасаввур этишимиз мушкул. Аммо “янги дўстни топганда, эскисини унутма”, дейишганидек, сўнгги ўнйилликларда ҳаётимизга кириб келган гаджетлар туфайли инсониятнинг неча мингйиллик дўсти бўлмиш китобни ёддан чиқармаслик лозим. Қайси бир аллома-ю аждодимизни танибмизки, улар китоб орқали шу даражага етишганлар.

Бугун мамлакатимиз жадал ривожланаётган бир даврда аждодларимиз ва донолар фикри ўз аксини топган китоб мутолааси, китобхонлик маданиятини шакллантиришга бўлган эьтибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди десак, муболаға бўлмайди. Юртимизда китобхонлик савиясини ошириш борасида ҳам кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” ги фармойиши, шунингдек, Республика миқёсида “Ёш китобхон” танловининг ўтказилиши ва ғолибларнинг қимматбаҳо совринларга эга бўлиши ҳам шулар жумласидандир. Булардан кўриниб турибдики, ёшларнинг китобга меҳр қўйиши ва маьнавий дунёси юксалиши, келажакда етук инсонлар бўлиб етишишлари учун бутун бир жамият биргаликда ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистон нафақат китобхонлари, балки кутубхоналари билан ҳам машҳурдир. Улар китобхонларнинг талабларини қондириш учун барча қулайлик ва имкониятларга эга. Марказий Осиёдаги энг йирик кутубхоналардан ҳисобланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бунинг яққол мисолидир. Ҳозирги кунда кутубхона фонди жаҳоннинг етмиш беш тилларидаги ўн миллионга яқин нусхага етган. Кутубхона кўплаб халқаро ташкилот ва жамғармалар билан ижодий алоқалар ўрнатган бўлиб, маданияти, диний қарашлари ва тарихий илдизлари турлича бўлган халқларнинг яқинлашишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг китобсеварларга бой кутубхоналари билан халқаро даражада беллаша олади.

Атроф-муҳит техникалашган сари қарашлар ҳам ўзгармоқда. Саводхонлик борасида ҳам шундай дейишимиз мумкин. Эндиликда сотиб олишга имкониятимиз бўлмаган китобларнинг электрон вариантини интернет тармоғи орқали исталганча юклаб ололамиз. Бу бизга кўплаб қулайликлар билан бирга тезкорликни ҳам тақдим этади. Статистик маьлумотларга кўра, чоп этилган китобларнинг аксарият қисмини 40 ёшдан ошган инсонлар сотиб олар экан. Бундан кўриниб турибдики, ёшлар китобни янгича услуб билан ўқишни маьқул кўрмоқда. Юртимизда айнан шундай янгиликларни ҳисобга олинган ҳолда, электрон таьлим тизими ҳам йўлга қўйилмоқда. Буларнинг бари биз – ёшлар учун. Муҳими, китобни қандай йўл билан ўқишимиз эмас, ундан зарур ва фойдали билим олишимиздир. Президентимиз айтганидек: “Китобсиз тараққиётга, юксак маьнавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ”.

Айни кунларда шаҳар ва туманларимизда “Ёш китобхон” танловининг қуйи босқичлари ўтказилмоқда. Танловнинг вилоят босқичини кўнгилдагидек ташкил этиш, республика босқичига муносиб ғолибларни танлаш орқали энг яхши китобхонни ёшларга танита оламиз. Ўтган йилги танловда олтиариқлик Шарофат Исмоилованинг ўз тенгдошлари орасида ғолиб бўлиб, енгил автомобиль билан тақдирлангани бутун фарғоналик ёшларда фахр туйғусини уйғотиш билан бир қаторда, китобга бўлган муҳаббатни ҳам орттириб юборди. Ана шу иштиёқ, қизиқиш, яратилаётган имконият ва шароитлар янги-янги танлов ғолибларини кашф этаверади. Ота-оналар ва раҳбарларнинг китоб ўқишлари эса уларнинг фарзандлари ёки ходимларининг мутолаага бўлган эътиборини кучайтиради.

Тафаккурнинг толмас қанотлари – китоблардан оламни англаймиз, китоб билан руҳиятимиз яшнайверади. Китоб ўқинг, у сизнинг ишончли дўстингиз бўла олади.

Наргиза МАДАМИНОВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

халқаро журналистика факультети талабаси.