Олий даргоҳда янги йўналишлар

Абитуриентлар учун ҳаяжонли дақиқалар тобора яқинлашмоқда. Улар билимларини синовдан ўтказиш ва талаба бўлиш бахтига сазовор бўлишни ният қилганлар.

Айни кунларда тест синовларини топшириш жараёнида абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари учун етарли шароитлар яратилишига аҳамият қаратилмоқда.

– Юртимиздаги барча олий таълим муассасаларида бўлгани каби Фарғона давлат университетида ҳам 2018-2019 ўқув йили учун қабул жараёни якунланмоқда,  –  дейди универститет қабул комиссияси масъул котиби  Равшан Пирназаров. – Абитуриентларнинг ўз  истаган йўналишлари бўйича ҳужжат топширишлари учун барча керакли шароитлар яратилди. Президентимиз  жорий йилнинг 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Фарғона давлат университетида “Анорчилик”  йўналишини ташкил этиш борасида кўрсатмалар берган эди. Бу топшириққа асосан ушбу йўналишга ҳам ҳужжатлар қабул қилинди. Бундан ташқари, бу йил олий даргоҳимизда “Асаларичилик”, “Балиқчилик” ва “Мактабгача таълим” ва магистратура учун “Экология” таълим йўналишлари ташкил этилди.

– Тумандаги агросаноат касб-ҳунар коллежини тамомлаб, Фарғона давлат университетига ҳужжат топшириш учун келдим, – дейди Қува тумани, “Баҳор” МФЙда истиқомат қилувчи Ёрқиной Носирова.  – Узоқ йиллардан буён анор етиштириш билан оилавий шуғулланамиз. “Анорчилик” йўналиши ташкил этилгани мен учун айни муддао бўлди. Ушбу соҳадаги билим ва кўникмаларимни олий таълим муасасасида янада мустаҳкамлаб, Фарғона анорчилик ривожига ўз ҳиссамни қўшишни олдимга мақсад қилдим.

Шаҳло МАМАТХОНОВА,

Ўзбекистон Миллий универститетининг

журналистика факультети, 1-босқич талабаси.

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган сурат.