Миндонобод қишлоғида беш мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиларди. Мавзе номини олган бу ҳудудга ўтган йили 271 намунавий лойиҳадаги уйлар қурилиб аҳоли сони етти мингдан ошиб кетди ва янги уйлар барпо этилиб фойдаланишга топширилган кўчага “Мустақиллик шукронаси” деб ном берилди. Бу кўча бугунги кунда  “Обод қишлоқ” дастури доирасида том маънодаги шукроналик манзилига айланди.

Янги қурилишлар жараёнида 139 та 2 сотихли, 112 та 4 сотихли, 17 та тўрт қаватли уйлар қад кўтармоқда.

Ушбу кўча бағрида жойлашган  33-умумтаълим мактаби, 38-мактбгча таълим муассасаси, Шоҳимардонобод оилавий поликлиникаси филиали жорий таъмирдан чиқариляпти.

Миндонобод  йўлларининг бир километрлик ички қисмлари, йўл бўйидаги 66 та хонадоннинг ташқи, том қисми янгича кўринишга эга бўлди. 14 та хонадон дарвозаси остона саҳнлари таъмирланиб, ободонлаштирилди.

2,1 километрлик масофага тоза ичимлик суви келтирилди, тозалов иншооти таъмирланди. 6 километрлик масофага электр кабели тортилиб, 66 та  кўча чироқлари ўрнатилди.

Оқшом тушиши билан Мустақиллик шукронаси кўчаси ойдин манзилга айланади. Чироқлар фонуси юртдошларимизнинг нафақат қадрдон гўшаларини, балки қалбларини-да ёритиб туради.