Намунали маҳалла

Риштон тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида вилоят ҳокимининг ўринбосари Илҳомжон Носиров 2016-2017 йилларда маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик, вояга етмаганлар ва аёллар жиноятчилигининг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни юқори савияда олиб борилиши натижасида ҳудудда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этилмаслигига эришган 12 нафар маҳалла фуқаролар йиғини масъулларини “Фахрий ёрлиқ” ва пул мукофоти  билан тақдирлади. Улар орасида Риштон тумани “Гулистон” МФЙ раиси Зафар Исмоилов ҳам бор…

Маҳалланинг 604 та хонадонида 334 нафар аҳоли истиқомат қилади. Йиғин ҳузуридаги 9 та жамоатчилик комиссиялари доимий ҳаракатда. Маҳалладаги ҳар бир муаммо ушбу комиссиялар аъзоларининг саъй-ҳаракати билан бартараф қилиб борилади. Аҳоли тинчлигини таъминлаш, ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида фаоллар ва профилактика инспектори иштирокида доимий равишда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилади.

Бугунги кунда маҳаллада бекорчини тополмайсиз. Кимдир тадбиркорлик қилса, яна кимдир томорқадан фойдаланиш пайида. Фуқароларнинг 72 нафари савдо-сотиқ, 31 нафари чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик билан, 6 нафари касаначилик ва 4 нафари миллий ҳунармандчилик билан машғул. 6 та оилавий тадбиркор халқ хизматида. Масалан, Ўткир Маҳмуджонов билан Дилшод Отабоевлар – мебелсоз. Хурсанали Жабборқулов эса темирчи. Улар ўзларининг камтарона меҳнатлари билан халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Шоҳиста Мадраҳимова уйида тикувчилик билан шуғулланаётганига 4 йилдан ошди. У касбини маҳалла ёшларига ҳам ўргатишдан чарчамайди. Ҳозирги кунда Шоҳиста аёллар ва ёш қизчаларнинг мавсумий кийимларини тикиш билан банд, қўли-қўлига тегмайди. Ёш тадбиркор банкдан имтиёзли кредит ҳисобига, дастгоҳлар ҳисобига, янги иш ўринлари яратиш  ҳаракатида.

Василахон Қўзибоева ҳам чевар. 10 йилдан буён шу касбни танлаб, маҳалладошлари хизматида. Чаққонгина Василахон буюртма асосида ўқувчилар форма ва сумкалари ҳамда аёллар учун бежирим кийим-бошлар тикмоқда.

Маҳаллада азалдан оилавий тадбиркорликка катта эътибор берилади. 44 та хонадондаги мавжуд иссиқхоналарда етиштирилаётган турли қишлоқ хўжалик маҳсулотлари қишин-ёзин аҳоли дастурхонига етказиб берилмоқда. Шу туфайли мазкур хонадонлар йилига миллион-миллион сўм даромад олишиб, уй-жойларини замонавий қиёфага келтиришиб, ҳовли тўйлар қилишяпти.

– Буларнинг ҳаммаси тинчликка, маҳалладошларимизнинг аҳил-тотувлигига бориб тақалади, – деди фуқаролар йиғини раиси Зафар Исмоилов. – Зеро, қаерда ҳамжиҳатлик бўлса – ўша ерда қут-барака борлиги ҳаётда ўз аксини топмоқда.

Зайлобиддин ЙИГИТАЛИЕВ.