Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз тўртинчи сессияси

Шу йилнинг 8 июл куни вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ўттиз тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят секторлари раҳбарлари, бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, шаҳар-туман ҳокимлари ва биринчи ўринбосарлари, Инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари ҳамда Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарлари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сессия ишини вилоят ҳокими, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Шуҳрат Ғаниев бошқариб борди.

Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Молия вазири Жамшид Қўчқоров қатнашди.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 21 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кенгайтирилган тарзди видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда 2018 йил инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари рўйхатига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш чоралари натижадорлиги таҳлил ва танқид руҳида муҳокама этилди. Бу борада муаммоли масалаларни бартараф этиш, объектларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича мунтазам равишда комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, тармоқлар бўйича – вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмаларининг ҳайъат йиғилишларида, шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида таҳлил қилиш, тасдиқлаш ва ижросини таъминлаш чораларини кўриш бўйича муҳим вазифалар топширилди.

Бу вазифалар ижроси бўйича 2018 йил 26 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш юзасидан масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Сессияда давлатимиз раҳбарининг юқоридаги топшириқлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифалар жиддий муҳокама этилди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг жорий йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига амалга оширган ташрифи том маънода тарихий ташриф бўлди,-деди сессияда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Жамшид Қўчқоров. – Сабаби бевосита мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун шу пайтгача бирорта вилоятга бундай кўп маблағ ажратилмаган. Вилоятдаги ҳар бир сектор раҳбарига 1 миллион доллар ҳажмида инвестиция киритиш топшириғи берилгани ҳам бу борада режалаштирилаётган ишлар кўлами нечоғли улкан эканлигидан далолат беради.

Аммо вилоятда режалаштирилаётган инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий инвестиция жалб этиш, иқтисодиётимиз тармоқларига халқаро молия тузилмалари кредитларини йўналтириш, айниқса, шаҳар ва туманлар кесимида бу борадаги ишлар ҳажмини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш ҳолати қониқарли даражада эмас. Айни жараёнда маҳаллий ҳокимликлар масъулияти ва жавобгарлик ҳиссини ошириш, дахлдорлик туйғусини кучайтириш жуда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сессияда хорижий инвестицияларни жалб этиш, хорижий ҳамкорлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш соҳасида бугунги кун талаби ва эҳтиёжи асосида ишлай олмаётган шаҳар-туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари фаолияти кескин танқид қилинди. Белгиланган режалар шунчаки қоғозда қолиб кетмай, аниқ режа бўйича ва ўз муддатида амалга оширилиши муҳим эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда Фарғона вилоятининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалий саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Бир қатор вазирликлар томонидан истиқболли лойиҳалар тайёрланяпти. Фарғона политехника институти олимлари томонидан ҳаётга татбиқ этилиши кўзда уттилаётган инновацион лойиҳалар ҳам вилоятимизнинг инвестицион салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Айни кунларда вилоят ҳокимлиги томонидан Жанубий Корея, Хитой, Россия сингари ўнлаб давлатлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш учун амалий ҳаракатлар бошлангани эътиборга сазовордир. Бундай изчил саъй-ҳаракатлар самараси сифатида 2018-2019 йиллар мобайнида вилоятимизга 300 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий валюта маблағларини жалб этиш режалаштирилган.

Сессияда кун тартибидаги биринчи масала – жорий йилда инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари рўйхатига киритилган лойиҳаларни амалга оширишда юзага келган мавжуд муаммоларни бартараф этиш, объектларни ўз вақтида ишга тушириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида вилоят ҳокими ўринбосари Муҳсинхўжа Абдураҳмоновнинг маърузаси тингланди. Бу борада ҳудудларда олиб борилаётган ва режалаштирилаётган ишлар хусусида Қўштепа тумани ҳокими Илёс Новиков, Ўзбекистон тумани ҳокими Қаҳрамон Жўраев, Қувасой шаҳар ҳокими Адҳам Зиявуддинов, Бағдод тумани ҳокими Саиджон Закировларнинг ҳисоботи эшитилди.

Ўз навбатида сессияда марказлашган маблағлар ҳисобидан ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектлари, уй-жойларни қуриш ва фойдаланишга топширишни таъминлаш учун белгиланган муддатларда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, пудратчиларни аниқлаш ва молиялаштиришни очиш ишларини жадаллаштириш бўйича кўрилаётган чоралар таҳлил ва танқид руҳида ўрганилди. Кун тартибидаги ушбу масала юзасидан вилоят ҳокими ўринбосари Дилшоджон Ҳоджиаҳмедов, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи” ИК директори Баҳодир Абдуллаев, “Қишлоққурилишинвест” ИК вилоят бўлими бошлиғи Авазхон Ғаниевлар ҳисобот беришди.

Шунингдек, сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича бириктирилган ҳудудлардаги асосий муаммолар ва уларнинг бартараф этиш бўйича 2018 йилнинг 1-яримида амалга оширилган ишлар юзасидан сектор раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Худудлар бўйича уйма-уй юриб аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича кўриладиган чора-тадбирлар билан тўлдирилган “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Сессия кун тартибига киритилган масалалар қатори секторлар раҳбарлари масъулиятини ошириш, маҳаллий бюджетлар манбаларини кўпайтириш, фойдалинлмай бўш турган бино-иншоотлардан самарали фойдаланиш, халқ таълими, ёшлар сиёсати, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини тўлиқ таъминлаш борасида белгиланган вазифалар сарҳисоб этилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2018 йил иккинчи ярим йиллиги давомида фаолиятидан кенг жамоатчиликни тўлиқ хабардор қилиш мақсадида ишлаб чиқилган Медиа-режа бўйича тарғибот ишларини олиб бориш, ҳар бир давлат органида жамоатчилик Кенгашларини тузиш сингари долзарб вазифалар белгиланди.

Сессияда кун тартибига киритилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Суратни Ш.ҚОРАБОЕВ олган.