Маҳалла ҳаётига нур олиб кирмоқда

Бугун тадбиркорликни жадал ривожлантириш, маҳаллий бюджетнинг даромад базасини кенгайтириш, замонавий инфратузилмани шакллантириш ва натижада аҳоли турмуш сифатини яхшилаш устувор вазифалардан саналади.

Президентимиз томонидан жорий йилнинг 27 июнида қабул қилинган “Обод маҳалла” дастури тўғрисида”ги Фармон ва “Обод маҳалла” дастурининг асосий параметрларини тасдиқлаш ва уларнинг ижросини таъминлаш масалалари тўғрисида”ги қарор ҳам маҳаллаларнинг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, йўл-транспорт  инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

“Обод маҳалла” дастури доирасида 2018-2019 йилларда қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган маҳаллалар рўйхатига Қувасой шаҳридаги “Пакана”, “Исфайрамсой”(2018), “Дўстлик”, “Намуна”, Лашкар”, “Қўчқорчи”(2019) маҳалла фуқаролар йиғинлари киритилган.

“Пакана” МФЙда 738 та хонадонда 3150 нафар аҳоли истиқомат қилади. Дастур доирасида 7 миллиард 771 миллион сўм маблағ ўзлаштириши белгиланган. Бу ҳуддудда 2 та савдо мажмуаси, 1 та тикув цехи, 1 та ҳунармандчилик устахонаси, бўш турган давлат объекти, ер майдонлари негизида микро саноат зонаси ташкил этиш режалаштирилган.

Паканада 6 сотих ер майдонида тадбиркор Азизбек Пўлатов томонидан енгил типда қурилиш моллари билан савдо қилувчи марказлашган савдо шохобчаси ташкил этилиб, бунга 65 миллион сўм маблағ сарфланди.

Тадбиркор А.Набиев эса ҳуддудда эчкичиликни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Шаҳар ҳокими қарори билан у етакчилик қилаётган “Исфайрам қурилиш садо” МЧЖга металл профил ҳамда гипсокартон ишлаб чиқариш учун ер майдони ажратиб берилди. Демак, яқин кунларда бу ерда микросаноат зонаси иш бошлайди.

Бугун барқ уриб ривожланаётган 1000 туп арча ва 50000 дона турли мавсумий гул кўчатлари Пакананинг ҳуснини оширмоқда.

Катта йўл бўйида жойлашган 66 та хонадоннинг фасад ва том қисми таъмирланди, энди навбат ичкари кўчаларга, шу тариқа 738 та хонадон таъмирлашга қамраб олинади.

Мазкур обод маҳаллага “Хавфсиз шаҳар” чора-тадбирлари доирасида 100 дона нурдиодли кўча ёритгичлари ўрнатилади. Бугунгача 9 дона қўшимча ёритиш таянчи ўрнатилиб, 15 дона электр тежовчи кўча ёритиш лампалари паканаликлар йўлларини ёритмоқда.

Пакана – Қақир – Ўрикзор автойўлининг 300 метр қисмига ҳамда “Нурли йўл” кўчасининг 400 метр қисмига асфальт тўшама қопланди, – дейди Қувасой шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Назиржон Алимов. – 477, 6 миллион сўм сарф этиладиган 2,1 км ички автомобиль йўлларини мукаммал таъмирлаш ишларини 10 июлгача якунлаймиз. Ҳашар йўли билан 3 км йўл эса жорий таъмирланяпти, 1 км бордюр ўрнатилди. 3 км узунликдаги қувурлар ётқизилиб, марказлашган ичимлик суви тармоғига уланганлигини алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Пакана – Қақир йўлидага дренаж таъмирланиб, ишга туширилди. “Исфайрамсой” МФЙда ишни 3 км узунликдаги сув тармоғини тортиш билан бошладик. “Обод маҳалла” Давлат дастури доирасида бу ҳуддудда ҳам амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, маҳалла аҳли учун қулайлик ва имкониятлар яратилади.

Маҳалласи тунлари чароғон, кўчалари обод ва озода бўлиб қолган ҳамюртларимизда ҳам дахлдорлик туйғуси уйғониб, хайрли ишларга ўзлари бош-қош бўлмоқдалар. Ободлик кўнгилдан бошланишини бугун қувасойликлар теран ҳис этадилар.