Эътибор ва рағбатдан баҳраманд янги авлод

Айни кунларда юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва шу орқали уларнинг фаоллигини ошириш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, истиқболли ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш давлатимизни барқарор ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони ушбу соҳадаги ислоҳотларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Шу йилнинг 7 июл куни вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирокида Фурқат, Учкўприк ва Риштон туманларида “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида ташкил этилган юзма-юз мулоқотлар мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, ундан келиб чиқадиган вазифалар ва ёшлар тақдирига дахлдор масалаларни амалга оширишга бағишланди.

Фурқат тумани ҳокимлигида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви аввалида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди ва 27 нафар янги авлод вакиллари ишга жойлаштирилди. Шунингдек, ҳудуд ёшлари рассомлик, шеърият, рақс ва бадиий ижод соҳасидаги истеъдод ва маҳоратларини намоён этишди. Бешариқ, Ўзбекистон ва Фурқат туманларидан 230 нафарга яқин ёшлар қатнашган самимий мулоқот давомида вилоят ҳокимига мурожаат этган йигит-қизларнинг 34 нафарига тижорат банкларининг имтиёзли кредити ажратилишига келишиб олинди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдирган 12 нафар ёшларга фойдаланилмай бўш турган бино-иншоотлар “ноль” қийматда ижарага бериладиган бўлди. 5 нафар ўғил-қизларнинг ўқишга кириш масаласи ижобий ҳал этилиб, 5 нафар фаол ёшлар учун ҳудудларда ёш оилалар учун қуриб битказилаётган янги уйлардан хонадонлар ажратиш тавсия этилди.

Шу куни Учкўприк тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувидан олдин бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилиб,  Учкўприк ҳамда Бувайда тумани йигит-қизлари қатнашди. Ўз навбатида ярмарка доирасида маҳоратли ўғил-қизлар иштирокчиларга истеъдод ва маҳоратларини намойиш этишди. Учрашувда бевосита вилоят ҳокими кўмагида олий маълумотга эга, лекин вақтинча ишсиз бўлган 7 нафар ёш мутахассислар доимий иш ўрнига эга бўлди. Бизнес-лойиҳалари билан қатнашган йигит-қизларнинг 35 нафари энг кам иш ҳақининг 150 баравари миқдорида тижорат банкларининг имтиёзли кредитларини олиш учун тавсия этилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасига қизиққан 20 нафар ёшларга такрорий экинлар экиш ва боғбончилик хўжалигини ташкил этиш учун 1 гектардан ер майдони ажратиш бўйича мутахассисларга керакли йўл-йўриқлар берилди.

Риштон ва Бағдод тумани ёшлари иштирокида Риштон тумани ҳокимлигида ташкил этилган учрашув ҳам самарали, амалий мулоқотларга бой тарзда ўтди. Вилоят ҳокими билан юзма-юз суҳбатлашган йигит-қизлар ўзларига билдирилган эътибор ва рағбатдан мамнун бўлишди.

Бу ҳудудларда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ўтказиш орқали ёшларга қисқа муддат ичида 529 та иш ўринлари тавсия этилди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Фарғона вилояти Кенгашининг ахборот-таҳлил, ижро назорати бўлими бошлиғи Зоҳиджон Тўраев. – Шу тариқа 74 нафар йигит-қизлар доимий иш ўрнига эга бўлди. 47 нафар ёшлар “Устоз-шогирдлик” анъаналари асосида тажрибали ҳунармандларга бириктирилди. 280 нафар навқирон авлод вакиллари шартнома асосида фермер хўжаликларида ишлайдиган бўлди. 120 нафар тадбиркорлар расмий равишда давлат рўйхатидан ўтказилди. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган 8 нафар ёшларга “Агробанк”, “Халқ банки” ва “Микрокредитбанк” томонидан 352 миллион 500 минг сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши таъминланди.

Учрашувларда таъкидлаб ўтилганидек, ушбу ҳуқуқий ҳужжат асосида жорий йилнинг 1 июлидан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг шаҳар ва туман филилаллари ташкил этилади. “Yosh tadbirkorlar” кворкинг-марказлари ҳамда “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш давлат-хусусий шериклик шартлари бўйича амалга оширилади.

Юзма-юз мулоқотларда Ёшлар масалалари бўйича комиссия, сиёсий партиялар “Ёшлар қаноти” фаоллари, соҳалар мутахассислари билан ҳамкорликда жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг ёшлар қатламига етказиш муҳимлиги таъкидланди. Фармонда белгиланган вазифаларни тўлиқ ва самарали амалга оширилишида маҳаллий Кенгашлар депутатлари, сиёсий партиялар, давлат ва нодавлат ташкилотларини кенг жалб этган ҳолда амалий ёрдам кўрсатиш каби билдирилган бир қатор амалий таклифлар юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Хулоса ўрнида айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу Фармони мамлакатимизда замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга, кенг дунёқараш ва қатъий ҳаётий позицияга эга янги авлодни тарбиялаш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.