Теннис бўйича халқаро турнир

Жорий йилнинг 30 июнь -7 июль кунлари Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” теннис кортида 14 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида теннис бўйича халқаро турнир  бўлиб ўтди.

Анъанавий тарзда  ўтказиб келинаётган мазкур мусобақанинг бу галги баҳсларида Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон давлатлари ва республикамиздан жами 64 нафар иштирокчилар ўзаро куч синашишди.

Бу каби спорт беллашувлари ёшларимиз имкониятларини синовдан ўтказиш баробарида давлатлараро дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга, мамлакатимиз спортини дунё миқёсига олиш чиқишга хизмат қилмоқда, – дейди Ўзбекистон теннис федерацияси ҳаками Анатолий Климов. – Халқаро турнир натижалари ёш спортчилар маҳоратининг муносиб баҳоси бўлди.

Мусобақа якунларига бағишланган тантанали маросимда турнир ғолиблари тақдирланди.

Қирғизистонлик Исмоил Хайрутдинов ва Бобурмирзо Якубжоновлар, қозоғистонлик Ислам Ўринбосар ва Ерасиль  Ердилда жуфтликлари, қизлар ўртасида ўзбекистонлик Садбарой Холдорова ва қозоғистонлик Жанель Рустемова ҳамда Владислава Андреевская ва Стефания Шалаховадан иборат жуфтликларга тенг келадигани топилмади.

Яккалик баҳсларида қозоғистонлик  Ислам Ўринбосар, Артур Хайрутдинов, Владислава Андреевская ҳамда Стефания Шалаховаларнинг қўли баланд келиб, шоҳсупанинг юқори чўққиларини забт этишди. Фарғоналик ёш теннисчи Қодиржон Одилов ҳам ғолиблар сафидан жой эгаллади. Уларга ғолиблик кубоги ва медаллари топширилди.

Қозоғистон Республикасининг теннис бўйича ўсмирлар терма жамоаси мураббийлари   Сергей Квак ва Бауиржан Мукашевнинг ёшларни спортга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасидаги меҳнатлари эътироф этилди.