Йилнинг энг яхши ошпази

Қувасой шаҳридаги Арсиф дам олиш масканида “Йилнинг энг яхши мактабгача таълим муассасаси ошпази” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Мактабгача таълим муассасаларида  болажонларнинг соғлом ва тўғри овқатланишини ташкил этиш, ошпазларнинг касбий малакаси ва тажрибасини ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш кўзда тутилган танловда 19 нафар қуйи босқич ғолиблари қатнашдилар.

Кўрик-танлов давомида ошпазлар маҳорати, таомларнинг ҳажми ва меъёрлари, овқат пишириш технологияси, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинишига аҳамият қаратилди.  Иштирокчилар 90 дақиқа ичида  200 гр сутли таом,  150 гр сутли какао, 70 гр гўштли катлет,  сабзавотли салат ва ширинлик тайёрлаб, қобилиятларини намоён этдилар.

Данғара туманидаги 6-сонли мактабгача таълим муассасасида 120 нафар, Минглар маҳалла фуқаролар йиғинидаги  филиалида 30 нафардан зиёд болалар тарбияланадилар, — дейди бош ошпаз  Зарифахон  Сотволдиева.   – Уч нафар ошпаз улар учун фойдали ва керакли маҳсулотлардан таом тайёрлаб, соғлом ва жисмонан бақувват бўлиб ўсишларига хиссамизни қўшиб келмоқдамиз. Боғчамизда бунинг учун зарур барча шароитлар мавжуд.

Танлов сўнгида ғолиблар аниқланиб, уларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Биринчи ўринга Сўх тумани вакили  Аҳлиддин Ғуломов сазовор бўлди ва республика босқичига  йўлланмани қўлга киритди. Иккинчи  ва учинчи ўринлар  Фарғона шаҳридан  Шаҳноза Турсунова ва Қувасой  шаҳридан  Муқаддам Парпибоевага насиб қилди.

 

Хожиакбар Шаҳобиддинов олган сурат.