Онам совғаси – эзгулик калити

Илм-у маърифат тубсиз уммон кабидирки, ундан инсониятга етажак наф ва яхшиликнинг чеки йўқ. Буюк боболаримизнинг “Илм бир чироқдурким, сени роҳат ва фароғатга етаклайди”, деган ҳикматли сўзлари асрлар оша бугунги авлод вакиллари учун ҳам юксак ибрат сифатида жаранг сочмоқда. Илмнинг махзани эса, шубҳасиз, китобдир.

Афсуски, бугунги кун китобхонларининг сони қувонарли даражада кўп эмас. Глобаллашиб бораётган даврда инсонлар вертуал ҳаётнинг исканжасига тушиб қолмоқда. Компьютер ва телефон ўйинларидан бўшагач, электрон китобларга бир-бир кўз югуртириб қўяётган ёшлар аксариятни ташкил этади. Бироқ, инсон онги ва тафаккурининг бойиши китоб мутолааси билан барқарор эканлиги айни ҳақиқатдир.

Кунлардан бир куни телефон мағрурланиб,  китобга дебди:

Сен ўтмишда қолдинг, сени ёқиб юбориш керак!..

Телефон сўзини тугатиб-тугатмай қувватсизликдан ўчиб қолибди. Жавондаги китобни эса навбатдаги китобхон бағрига босганча олиб кетибди.

Ҳа, бу мўъжаз ибратли воқеа, техника ва китобнинг имкониятлари, умрзоқлигини қиёслаш ва хулоса чиқариш учун киёфа. Китобни қанча ўқимайлик, сақламайлик ўз қимматини йўқотмайди.

Китобхонлик маданиятининг оилада куртак ёзиши ёш авлод камолотининг эзгу омилидир. “Қуш инида кўрганини қилади” нақлида урғу берилганидек, китобхон ота-оналар юксак маънавиятли, китобсевар ўғил-қизларни камолга етказишга қодир бўлади. Болада китобга меҳр уйғотиш учун уни китоб дўконларида сайр қилдириб, бирор-бир ютуққа эришганида китоб совға қилиш зарур. Буни ўз ҳаётим мисолида англаб етаяпман.

Кичиклигимдан онам ва бувим: “Болам, китоб ўқи!”, деб кўп айтишарди, бу сўзлар менга ёқмас, дўстларим билан ўйнагим келар эди. Туғилган кунимда онам менга Жюль Верннинг “Капитан Гранд болалари” романини совға қилдилар. Уларнинг қистови билан бир ярим йил деганда китобни ўқиб тугатдим. Тугатдим-у, қайта-қайта шу китобни ўқигим келаверди, чунки мен китоб ўқиш завқини тушуниб етгандим. Ундаги воқеликларнинг чинакам иштирокчисидай ҳис этардим ўзимни. Онам кундаликларим “5” га тўлиб, фан олимпиадаларда ғолиб бўлганимда доим китоб совға қилишни одат қилгандилар. Мен ҳам янги китобларим бўлиши учун аъло баҳоларга ўқишга ҳаракат қилардим. Онам менга оддий китоб эмас, эзгулик калитини совға қилганига ишонаман.

Ҳозирда журналист бўлиш орзуси билан ўқиб-изланишимда, тенгдошларим ҳавас қилгулик шахсий кутубхонамни ташкил этишимга онам ҳадя қилган китоблар сабабчидир. Бир-биридан қиммматли китоблардаги илм чироқлари ҳаёт йўлларимизни мунаввар қилиш баробарида, қалбларимизда юксак орзу-мақсадларимизга қанот бериши муқаррар. Юртимизда ёшларда китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган катта эътибор эса бизни асл дўст билан доимо бирга бўлишга ундамоқда.

Нуржаҳонбегим РАШИДОВА,

Бешариқ тумани.