Келажагимиз эгалари учун муносиб имкониятлар мажмуи

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июнь кунги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Фармони келажагимиз эгаларининг ҳуқуқлари ва манфаатларига қаратилган муҳим тарихий қадам бўлди.

Таъкидлаш керакки, ушбу Фармон аниқ мақсад ва вазифаларга қаратилганлиги, яъни ҳар бир оилага манзилли кириб бориш йўли билан ҳозиргача ҳам тадбиркорлик ҳаракатига қўшилишда қийналиб, ёрдамга мухтож бўлиб турган йигит-қизларга яқиндан кўмаклашишни кўзда тутгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Мазкур Давлат дастурида ёшлар тадбиркорлигини комплекс ривожлантириш ва ёшларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғилланишга фаол жалб қилиш йўли билан интеллектуал ва ижодий салоҳиятини, истиқболли ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш, ёшлар бандлигини таъминлашга тўсқинлик қилиб турган бюрократик тизимли муаммоларни бартараф этиш сингари бир қатор муҳим вазифалар кўндаланг қўйилди. Фармонда уларни бажариш билан боғлиқ барча ҳуқуқий, ташкилий, молиявий ва дастурий тизимлар ўзаро мантиқий боғлиқликда аниқ-равшан кўрсатиб берилган.

Жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ва унинг туман ҳамда шаҳар филиаллари ташкил этилганлиги, жамғарма маблағларидан жойларда Давлат дастуридаги тадбирларни молиялаштириш тартиблари кўрсатиб берилган. Бунинг аҳамиятли томони шундаки, эндиликда ёш тадбиркор ўз фаолиятини молиялаштиришда энг қийин масала бўлиб келган банк кафолати учун ушбу жамғармадан ўзи олмоқчи бўлган кредит суммасининг 50 фоизигача ҳеч бир қийинчиликсиз манзилли кафолат олиши мумкин.

Давлат дастурида ёшлар қатламининг барча йўналишлари бирдек қамраб олингани эътиборга моликдир. Масалан, қишлоқ ва чекка худудларда яшайдиган, бандлиги таъминланмаган ёшлар учун ўз хўжалигида иш ўринларига эга бўлишлари назарда тутилиб, ҳар бир оилага 20 тагача парранда ва қуён боласи, 5 та майда ва 2 та йирик қорамол сотиб олиш имконияти яратилмоқда.

Албатта, ҳар бир янги ишни бошлаш алоҳида тизим ва тузилмаларни яратишни талаб қилади. Шунинг учун янги Давлат дастурида ёшлар учун ҳар жиҳатдан қулай ташкилий тузилмаларни яратиш масаласига ҳам жиддий ёндашилган. “Yosh tadbirkorlar” коворкинг-марказлари ва “Yoshlar mehnat guzari” комплексларини қуриш масаласи айнан мана шу мақсадларга хизмат қилади. Бу янги интеллектуал мазмунда иш олиб борувчи тузилмаларни шакллантириш ва фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун барча зарурий ташкилий масалаларни ҳал қилишда асосий масъулиятни давлат зиммасига юклатилиши ва жойларда хусусий тадбиркорлик субъектлари имкониятлари ва имтиёзларидан самарали фойдаланиш масаласи белгилаб берилганки, бу талаб жойлардаги айрим раҳбарларни боқибеғамлик ва лоқайдлик кайфиятидан чиқаришга туртки бўлса, ажаб эмас.

Дастурда ёшларнинг қайта тайёрланиши ва малака оширишини ташкил этиш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, шунингдек, уларга бизнес юритиш кўникмаларини сингдириш, янги бизнес ташаббуслари, стартаплар, ғоялар ва лойиҳаларини амалга оширишга бошқача кўмак бериш, жумладан, бизнес режалар ишлаб чиқиш, маслаҳат, юридик, бухгалтерия ва бошқа хизмат турларини беминат кўрсатиш, форумлар, мастер-каласслар ва семинарлар ташкил этиш масаласи мустақил ҳал қилиниши кўзда тутилган.

Юқоридаги муҳим ташкилий ва тайёргарлик масалаларини самарали ҳал этиш учун молиявий харажатларни қоплашга ёрдам берадиган самарали механизм таклиф этилган. Бунда бўш турган бинолар, ер участкаларини имтиёзли бериш, “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг  жойлардаги идораларининг барча зарурий   коммунал ва мухандислик хизматларини ташкил этиш ҳамда офисларни замонавий жихозлар билан таъминлаш масалалари маҳаллий ҳокимликлар зиммасига юклатилмоқда. Шунингдек, жамғарманинг молиявий асосларини шакллантиришга хусусий ва хорижий инвесторларни кенг жалб қилиш, уларга ёшларга амалий фаолияти билан кўмак бераётганлари учун солиқлардан имтиёзлар бериш назарда тутилмоқда. Масалан, ёш тадбиркорлар, 50 фоиз ва ундан кўпроқ таркиби ёшлардан иборат бўлган, шунингдек, яратиладиган иш ўринларининг 70 фоизидан кам бўлмаган қисмини 5 йил давомида ёшларни иш билан таъминлаш учун тақдим этиш мажбуриятини ўз зиммасига оладиган тадбиркорлик субъектлари, жумладан, хорижий инвесторлар белгиланган имтиёзлардан фойдаланиши кафолатланган.

Таъкидлаш керакки, давлатимиз раҳбарининг ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган  ушбу Фармони келажагимиз эгалари учун муносиб имкониятлар мажмуи эканлиги, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларни самарали ижросида ёшлар иштирокини тўлиқ таъминлашга, уларда мамлакатимиз келажаги учун дахлдорлик ҳиссини янада кучайтириш, ишонч билан дадил ҳаракат бошлашларига тўлиқ асос бўлиши билан аҳамиятлидир.

Фарҳод ТУРҒУНБОЕВ,

Фарғона давлат университети профессори.