Тежамкор лампалар

2017 йилнинг январь ҳолатига вилоятимиз бўйича 690 минг дона аҳоли  истеъмолчи мавжуд бўлиб, 5520 минг дона ёритиш лампалари бор. Шу кунгача улардан 1958 минг донаси энерготежовчи лампаларга алмаштирилди. Айни жараёнда яна 3562 минг дона ёритиш лампалари тежамкор лампаларга алмаштирилиши лозим.

Замонавий тежамкор лампалар нафақат электр энергияси, шу билан бирга ҳамёнмиздаги маблағларнинг ҳам тежалишига хизмат қилади.

Бу юмуш нечоғли аҳамиятга эга эканлигини англаш учун ҳали алмаштиришга улгурилмаган 3562 минг дона ёритиш лампасининг 50 фоизини 5 соат вақт таҳлилида олиб кўрайлик. Бир дона чўғланма лампанинг қуввати 0.1(кВт) олинса, (дейлик кеч чоат 18.00 дан 23.00 га қадар) 1781 минг дона лампалар учун 890,5 минг кВт.с сарф этилади, 170,1 млн.сўмлик электр энергияси истеъмол қилинади. Бу кўрсатгич бир ойда ўртача 26,7 млн. кВт.с ёки 5,1 млрд.сўмни ташкил этади.

1781 минг дона светодиод лампалар эса ана шу 5 соат вақт оралиғида 0.025(кВт) энергия талаб этади. Демак, кеч оқшомдан тунга қадар 222,6 минг кВт.с ёки 42,5 млн.сўмлик электр энергияси истеъмол қилинади. Айнан шу кўрсатгич бир ойда 6,6 млн.кВт.с ёки 1,3 млрд. сўмдан иборат эканлигини кўришимиз мумкин.

Натижада аҳоли истеъмолчиларининг ўзида бир ойда ёритиш лампасидан ўртача 3,8 млрд.сўмлик ёки бир кунда 126,6 млн.сўмлик электр энергиясини тежашга эришилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 5 майдаги “2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида белгиланган режага кўра, вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги ижтимоий соҳа объектлари ҳамда бюджет корхоналарида мавжуд чўғланма лампаларни замонавий, тежамкор лампаларга алмаштириш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Аҳамиятли томони шундаки, бу ишлар якунига етказилган корхоналарда  кўзланган натижага эришиляпти. Яъни, электр энергияси тежалиши эвазига  катта маблағ иқтисод қилинмоқда. Бу эса ўз навбатида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархининг пасайишига хизмат қилаётир.

– Жорий йилнинг апрель ойида вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида 593 370 дона светодиодли лампалар алмаштирилди, – дейди Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси АЖ энергия сотиш бўлими бошлиғи ўринбосари Азизбек Маткаримов. – Вилоят муассасалари, саноат корхоналари, қишлоқ хўжалиги, коммунал соҳа объектларида белгиланган режа асосида ишлар бажариляпти. Энерготежовчи лампаларга ўтиш фойдали эканлигини корхона раҳбарлари ва аҳоли янада теранроқ англашлари керак.

Данғара туманидаги “Реал Кабел Инвест” МЧЖда 2016 йил сентябр ойидан бошлаб светодиодли лампалар ва кўча чироқлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Хитойдан келтирилган технологияларда 40 нафар ишчи тежамкор лампалар тайёрлаш билан банд.         Вилоятимизда ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида “Реал Кабел Инвест” корхонаси ва Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ўртасида 1 млрд.770 млн.сўмлик шартнома имзоланди.

–Маҳсулотларимиз буюртмачига етказиб беришга тайёр, – дейди корхона раҳбари Мирзоҳид Эгамбердиев. – Корхонамиз 300 000 дона светодиодли лампалар, 50 000 дона кўча чироқлари йиллик ишлаб чиқариш қувватига эга эканлигини фахр билан айта оламиз. Кўча чироқларини тежамкорига алмаштириш истагида бўлган буюртмачиларга сифатли маҳсулотларимизни таклиф этамиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг  2016 йил 4 мартдаги кўча чироқларини тежамкор лампаларга алмаштиришга қаратилган  қарори ижроси юзасидан муайян ишлар ташкил қилиш жуда муҳим.

2016 йилда Фарғона шаҳридаги “Мураббийлар” кўчасида  пудратчи  Фарғона ЙМФУК томонидан 0,9 км  узунликдаги светодиод қурилмали  91 дона  кўча  чироқлари ўрнатилган. Ўтган йили Тошлоқ тумани марказидан ўтувчи “Марғилон-Қува-Мархамат” автомобиль йўлида жойлашган айланма ҳаракатни ёритиш учун 16 дона светодиодли ёритиш қурилмалари ўрнатилиб ишга туширилди.

2016-2017 йилларда Олтиариқ тумани марказида  ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш жараёнида Олтиариқ ТЙХПТФК томонидан 4Р-148 ва 4Р-147 автомобиль йўлларига 1,4 км  узунликда 94 дона замонавий светодиодли ёритиш мосламалари ўрнатилди.