Юксак ишонч, чексиз ғурур

Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 12-13 июнь кунлари вилоятимизга ташрифи доирасида Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда бўлгани биз учун унутилмас бўлиб қолади.

Президентимиз ҳарбий қисмдаги ҳаво десантчилари машғулотларини кузатиш, аскар ва офицерлар билан мулоқот қилиш чоғида Қуролли кучларимизни янада ривожлантириш, унинг жанговар тайёргарлиги ва қобилиятини ошириш, ҳарбийларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларни уй-жой билан таъминлаш ишларини янада жадаллаштириш, жойларда ташкил этилган ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини такомиллаштириш масаласи доимий эътиборда бўлиши ҳамда давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолишини қайд этди.

Дарҳақиқат, Ҳаракатлар стратегиясида ҳам юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли кучларимизни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгилаб олингани, шу асосда аниқ чора-тадбир ва ҳаракатларни кўзда тутадиган қарорлар қабул қилингани, уларни амалга ошириш бўйича самарали ишлар ташкил этилгани диққатга сазовордир.

Ҳозирги кунда дунёда олдиндан айтиш қийин бўлган вазият ҳукм сураяпти. Бундай мураккаб шароитда мамлакатимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятимизда тинчлик ва тотувликни таъминлаш жуда долзарб саналади. Шу боис мудофаа соҳасида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш, Қуролли кучларимизни замон талаблари даражасида такомиллаштириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси янгиланган ҳолда қабул қилинди. Бу доктринанинг маъно-мазмуни биринчи марта очиқлик хусусиятига эга бўлди. Ушбу ҳужжатда Ўзбекистоннинг мудофаа соҳасидаги сиёсати бўйича принципиал ёндашувлар, уларни қўллаш асослари, Қуролли кучлар олдида турган вазифалар, шунингдек, миллий армиямиз қурилиши ва ривожланишини давом эттириш бўйича истиқболли йўналишлар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари ҳарбий қисмда ташкил этилган Маданий ҳордиқ маркази, Маънавият маркази, аутсорсинг тизими жорий этилган ошхонани кўздан кечирди. Ҳарбий-ҳаво десантчилари тайёргарлигини ошириб бориш учун аэродинамик тренажёрлар ўрнатиш, “Ватанпарвар” ташкилотлари ҳузурида парашютчилар тўгараклари очиш бўйича топшириқлар берди. Бу эса ўз навбатида ёшларимизда ватанпарварлик руҳи юксалишига ҳисса қўшади. Эътироф этсак арзийдики, миллий армиямизнинг юқори нуфузга эга бўлишида ана шу жиҳатлар билан биргаликда бугунги кун талабларига жавоб берадиган олий ҳарбий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилгани, соҳага малакали кадрлар тайёрлаб бериш тизими тубдан такомиллаштирилаётгани ҳам муҳим ўрин тутаётир.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар профессионал асосдаги Қуролли кучларимизнинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қиляпти. Қолаверса, армия ва халқнинг фаол ҳамкорлиги натижасида Қуролли кучларимиз том маънода жамиятнинг ажралмас қисмига, мамлакатимиз барқарорлиги ва тараққиётининг ишончли кафолатига, ёшлар ҳамда ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланмоқда. Бу эътибор ва ғамхўрликлар, юксак ишонч ва чексиз ғурур Ватанимизни ҳар томонлама ҳимоя қилишга, халқимиз тинчлигини асрашга чорлайверади.

 

Шуҳрат АБДУЛЛАЕВ,

Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони ўринбосари.