Давлат харидлари ва уни амалга ошириш

Вилоят Тадбиркорлар марказида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишга бағишланган сайёр семинар ўтказилди.

Унда вилоятимиздаги барча корхона, ташкилот ва муассасалар вакиллари, тадбиркор ва ишбилармонлар, давлат харидларини амалга ошириш жараёнларига дахлдор мутахассислар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Молия вазирлиги, Товар-хом ашё биржасининг масъул мутахассислари томонидан ўтказилган сайёр семинарда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берувчи тақдимот ишлари намойиш қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ходими Жафар Хидиров, Молия вазирлиги вакили Ойбек Шукуров ва Товар-хом ашё биржаси ходими Мансур Тўйчиевнинг давлат харидлари ва уларнинг давлат бюджети ташкилотлари томонидан амалга ошириш мезонлари, биржанинг ахборот порталидаги давлат харидлари тўғрисидаги маърузалари тингланди. Шунингдек, давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган ҳисобланган Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг тизим сиёсатини юритиш ва ривожлантиришдаги аҳамияти хусусида тўхталиб ўтилди.

Семинарда таъкидланганидек, биржа орқали  давлат харидларини амалга ошириш, бу борада электрон дўкон, электрон аукцион, танлов ва тендерларнинг самарали мақсадларга йўналтирилганлигидан тўла бохабар бўлиш давлат буюртмачиси ва корпоратив буюртмачилар учун айни муддаодир.

Семинар сўнггида мавзуга оид музокара ва савол-жавоблар ўтказилди.