Қабул жараёнларида муҳим палла

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018/2019 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисидаги” қарори мамлакатимиздаги олий ўқув юртларига қабул жараёнлари сифатини ошириш, уни ҳар томонлама адолатли ва шаффоф ўтказишнинг муҳим асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан,  жорий йил Фарғона давлат университетига 32  та таълим йўналишларига 2025 нафар қабул квотаси ажратилган бўлиб, бу ўтган йилги қабул миқдорига нисбатан 425 нафар кўп демакдир. 2018/2019 ўқув йилида мазкур олий таълим муассасасида педагогика ва психология, мактабгача таълим, мусиқа таълими, зооинженерия (асаларичилик), амалий математика ва информатика каби янги таълим йўналишлари бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлаш режалаштирилган. Масалан, давлатимиз раҳбарининг бевосита таклифи билан ташкил этилган зооинженерия (асаларичилик) йўналишига 20 нафар, мактабгача таълим йўналишига эга 100 нафар квота ажратилганлиги вилоятимизда мазкур соҳаларда мутахассис-кадрларга бўлган эҳтиёжнинг юқори эканлигини кўрсатмоқда. Шунингдек, магистратура бўлимининг 20 та мутахассисликлари бўйича жами 101 нафар, 7 та педагогик таълим йўналишлари бўйича махсус сиртқи таълим учун 69 нафар қабул кўзда тутилган.

Айни кунларда абитуриентлардан ҳужжатларни қабул қилиш олийгоҳнинг 7 та биносидаги  8 та қабул жойларида ташкил этилди. Университет қабул комиссиясининг марказий биноси олди ногиронлиги бор шахслар учун ҳужжатлар қабул қилиш ўрни сифатида белгиланган.

-Қабул жойларида абитуриентларга тест синовларини топшириш технологиясини ўргатиш мақсадида компьютер ва видеопроектор ускуналари билан билан жиҳозланган маслаҳат хоналари ташкил этилди, -дейди Фарғона давлат университети қабул комиссиясининг масъул котиби Равшан Пирназаров. –Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари қабул жойларини қийналмасдан топиб боришлари  учун махсус кўрсатгич ва чизма-схемалар ўрнатилди. Ҳар бир қабул жойлари олдига эълонлар доскалари, таълим йўналишлари тўғрисида маълумот берувчи тарғибот воситалари ўрнатилганлиги, айниқса, қабулга оид саволларга жавоб бериш мақсадида маълумотлар маркази ва ишонч телефонларининг ташкилланганлиги олийгоҳимизда қабул жараёнларининг сифатли ва муаммоларсиз олиб борилишини таъминламоқда.

Фарғона политехника институтида ҳам 2018/2019 ўқув йили учун механика-машинасозлик, энергетика, қурилиш, ишлаб чиқаришда бошқарув, кимё-технология факультетларининг 30 та таълим йўналишлари бўйича 1905 нафар, 12 та магистратура мутахассисликларига 66 та қабул квоталари ажратилди. Олийгоҳнинг қабул комиссияси таркибига 300 нафардан зиёд профессор-ўқитувчилар бириктирилиб, ҳар бир факультетда биттадан “call centre” ташкил этилди, яъни факультетлардаги қабул жараёни, абитуриентлар ва уларнинг ота-оналаридан тушган мурожаатларга жавоблар юзасидан тўла ахборот берувчи марказ ўз фаолиятини бошлади. Факультетлар ва барча таълим йўналишлари, уларга ажратилган қабул квоталари, тест синовлари топшириладиган фанлар ҳақида тўлиқ маълумот берувчи баннерлар ўрнатилган.

-Махсус кўрсатгичлар орқали қабул жойини қийналмай топиб келдим, -дейди Олтиариқ туманилик абитуриент Иқболжон Раҳмоналиев. –2015 йилда туманимиздаги қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежини тамомлаганман. Ҳужжатларимни  механика-машинасозлик факультети машинасозлик технологияси, машинасозлик ишлаб чиқаришини жиҳозлаш ва автоматлаштириш йўналишига топширдим, 1-15 август кунлари давомида ўтказиладиган тест синовларининг янги тартиб-қоидалари билан ҳам яқиндан танишдим.

Вилоятимизнинг барча олий таълим муассасаларида 2018/2019 ўқув йилига қабул жараёнлари жорий йилнинг 15 июлига қадар давом этади.

 

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган сурат.