Имконият, ишонч ва масъулият

Яқинда вилоят футбол ассоциациясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари И.Носиров Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарининг Р.Ҳ.Юлдашевни вилоят футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти этиб тайинлаш ҳақидаги буйруғини ўқиб, бу масъулиятли ишда унга муваффақиятлар тилади. Шу вазифада ишлаб келган Т.Кападзе нафақага чиққанлиги муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлигини таъкидлади.

Йиғилишдан сўнг янги раҳбар билан учрашиб, вилоятда футболни янада ривожлантириш борасидаги фикр-мулоҳазалари ва режалари билан қизиқдик.

– Айни пайтда иккита жамоа Суперлигада, учта жамоа про лигада тўп суряпти, – дейди Расулжон Ҳасанович. Иккинчи лигада эса шаҳар ва туманларимизнинг 13 та жамоаси иштирок этяпти. Бошқа вилоятларда бундай имкониятлар йўқлигини эслатиб ўтмоқчиман. Демак, Фарғонада футболни ривожлантиришга катта эътибор бериляпти.

ИНҚИРОЗДАН ЧИҚАРИШ МУМКИНМИ?

Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси яхши ўйинлари билан бир вақтлар республикамиздагина эмас, балки хорижлик мутахассис ва ишқибозларнинг эътиборини тортиб, 5 карра чемпион бўлган жамоа.

Афсуски, кейинги йилларда жамоа футболчиларининг республика чемпионати ва Кубок мусобақаларидаги кўрсаткичлари кескин пасайиб кетди. Ўтган йили турнир жадвалида охирги ўринни эгаллаганлиги учун олий лигани тарк этиш хавфи туғилди. Бироқ, вилоят ҳокимлиги ва футбол федерацияси бой тарихий анъаналарга эга бўлган жамоани юқори эшелонда сақлаб қолиши учун Қувасойнинг олий лигада ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритган “Цементчи” жамоаси билан бирлаштиришга қарор қилди.

Афсуски, яхши ниятлар билан қилинган бу режа ижрочилар томонидан кўнгилдагидек амалга оширилмади. “Нефтчи” бу йил ҳам Суперлигадаги 12 та жамоа орасида яна охирги ўринга тушиб қолди.

Ҳозиргача ўтказилган 14 та учрашувда 6 тасида дуранг натижа кўрсатиб, 8 тасини мағлубият билан якунлади. Бу орада клуб раҳбарлари аҳволдан хафсалалари пир бўлди. “Нефтчи” раҳбарсиз қолди. Яхшики, жамоа ёшлари қувончли кунларга ишончни йўқотмай, майдонда бор куч-ғайратларини ишга солмоқдалар. Охирги беллашувда “Истиқлол” стадионида суперлиганинг якка пешқадами “Пахтакор”ни қабул қилиб, 1:1 ҳисобида дурангга эришдилар. Кўпгина мухлис ва мутахассислар бу баҳсда майдон эгалари йирик ҳисобда мағлубиятга учрайдилар, деб тахмин қилишган эди. Лекин фарғоналик футболчилар ўйиннинг асосий дақиқаларида ғалабани яқинлаштириб қўйган эдилар. Қўшимча вақтда “Пахтакор” аранг ҳисобни тенглаштира олди. Учрашувда фарғоналик мухлислар жамоа бош мураббийи Баҳром Ҳайдаровнинг Аброр Исмоилов, Абдужамол Исроилов, Исломбек Каримов, Хуршид Асқаралиев Шодиёр Хожиматов ва Миржамол Неъматов каби ёшларга кўпроқ ишонч билдириб, тўғри йўлдан бораётганлигини хис этдилар.

Савол туғилади. “Нефтчи” жамоаси суперлигада ўз ўрнини сақлаб қола оладими? Ҳозирча оз бўлсада шундай имкониятлар бор. Бунинг учун жамоага тезроқ раҳбар тайинлаб, барча раҳбар ходимлар масъулиятини кескин ошириш керак. Жамоада тажрибали иқтисодчи молиячи, рухшунос, тадбиркор, маркетолог бўлиши, улар ҳисоб-китоб билан иш юритиб, ажратилган маблағдан оқилона фойдаланиш билан бирга пул-маблағ топишнинг янги йўлларини ишга солишлари лозим. Жамоа ихтиёрида футбол тўплари, анжомлари, спорт кийимлари ва атрибутикаси, ишлаб чиқарувчи корхона, савдо, маиший хизмат дўконлари, туристик объектлар бўлса қўшимча маблағ манбалари кенгаяди. Бу соҳада “Қўқон – 1912” жамоасида яхши тажриба тўпланган. Улар тажрибасидан вилоятимиздаги барча футбол жамоалари кенг фойдаланишлари керак.

Фаолиятимизни ўрганиб чиқсам, вилоят футбол ассоциациясида ҳам, шаҳар ва туманлардаги футбол клублари ва мактабларида ҳам ҳамон эскича иш юритилаётганлигига амин бўлдим. Илғор тажрибаларни ўрганиш учун хориждаги ҳамкасблар билан алоқа ўрнатиш, ҳамкорлик қилиш ва замонавий тажрибаларни жорий этишга эътибор берилмаяпти. Футболга доир барча тадбирларни вилоят марказида ўтказишга одатланиб қолинган. Ҳолбуки, бу соҳани барча шаҳар ва туманларда, қишлоқ ва маҳаллаларда ривожлантириш юзасидан мукаммал тадбир ишлаб чиқилиши, унинг ижросини таъминлашга кенг жамоатчилик жалб этилиши лозим. Шуни ҳисобга олиб, янги ой бошларида Сўх тумани ва Шоҳимардонда футбол байрамлари ташкил этмоқчимиз. Вилоят ҳокимлиги ва республикадаги алоқадор ташкилотлар билан ҳамкорликда 19 нафар мураббий ва футбол мутахассисларини тажриба ўрганиш учун Германия, Испания, Англия сингари давлатларга жўнатиш масаласини маслаҳатлашмоқдамиз.

Юртбошимиз ҳар бир оила тадбиркор бўлиши, ўз ҳаёти фаровонлиги ҳақида астойдил шуғулланиши лозимлигини таъкидлаётган эканлар, нега биз футболчилар бу ишдан четда турамиз. Жамоалар ихтиёрида савдо-саноат объектлари, чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланадиган фермер хўжаликлари, сайёҳлар ва меҳмонларга хизмат кўрсатувчи мажмуалар ташкил этилиб, тушган даромад маблағлар футболни ривожлантиришга сарфланса яхши бўлар эди. Чунки, маблағ масаласи нафақат бизда, балки мамлакатимиздаги аксарият жамоаларда катта муаммо бўлиб турибди. Тайёр пулни сарфлашни ҳамма ҳам билади. Ўша маблағни топиш ва кўпайтиришда ўзимиз ҳам фаол иштирок этишимиз лозим.

Футбол ишқибозлари ва мутахассислар оғир аҳволга тушиб қолган “Нефтчи” жамоасини инқироздан олиб чиқиш мумкинми”, дея савол бермоқдалар. Жавобимиз аниқ – мумкин. Кейинги беш йил мобайнида жамоа раҳбари ва бош мураббий олти марта алмаштирилибди. Лекин, ижобий натижага эришилмабди. Бунинг сабаби ҳам жамоага раҳбарлик ва футболчилар билан ишлаш шўролар давридаги эски услубда олиб борилганида. Бундан кейин замон руҳи билан ўзимизга ўзимиз талабчанлик ва юксак масъулият билан ишласак, имкониятлардан тадбиркорлик билан фойдалансак, жамоа фаолиятида акциядорлик – ҳиссадорлик усулини жорий этсак, Фарғона футболининг азалий салоҳиятини тиклашимиз ва юксалтиришимиз мумкин.

 

Дониёр ЭРГАШЕВ,

“Фарғона ҳақиқати”нинг футбол шарҳловчиси.